Жанубий Кореяда йўловчи кема ҳалокатга учради

Кемада асосан мактаб ўқувчилари бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кемада асосан мактаб ўқувчилари бўлган

Жанубий Кореяга тегишли кема йўловчиларини қутқариш ишлари давом этмоқда. Бортида 476 одам бўлган паром Инчхон ғарбий бандаргоҳидан Чежу курорт оролига йўналган. Асосан мактаб ўқувчиларини ортиб олган паромда қутқарув ишларини амалга ошириш учун 34 кема ва 18 тик учар қатнашмоқда.

Маълум бўлишича, камида бир йўловчи ҳалок бўлган.

Маҳаллий ҳокимият айни дамгача 147 кишининг бошқа кема бортларига олинганини хабар берди.

Қутқарувчилар йўловчиларга паром билан қўшилиб чўкиб кетмаслик учун сувга сакраш ва қутқарувчиларни кутишни маслаҳат берган.

Кўплаб йўловчиларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Ҳодиса жойидан олинган тасвирларда ёнбошга ағдарилиб қолган паромнинг аста секинлик билан сув остига чўкаётгани акс этган.

Ахборот агентликларининг ёзишича, кема маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9 да Бюгпонг оролидан 20 чақирим масофадан фалокат ҳақида сигналларни жўната бошлаган.

Йонхам агентлигининг хабар беришича, паромнинг ҳалокатга учраш сабаби ҳозирча аниқ эмас. Кеманинг ҳалокатга учрашидан олдинроқ муаммога дуч келгани тахмин қилинмоқда.

“Биз кучли зарбани эшитдик, шундан сўнг кема тўхтади, кейин эса бир томонга оға бошлади”, - дея YTN агентлиги йўловчилардан биридан иқтибос келтиради.

Сеулдан Би-би-си мухбири Люси Уильямсоннинг хабар беришича, паромда сузган болаларнинг ғазабга тўлган ота оналари мактабга йиғилган. Улар ёмон об-ҳаво ҳақидаги хабарга қарамасдан паромнинг нима сабабдан денгизга чиққанига жавоб талаб қилишмоқда.

Your contact details
Disclaimer