Жанубий Корея кемаси чўккан, кўплаб йўловчилар тақдири номаълум

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жанубий Кореянинг жануби-ғарбий соҳилида 476 йўловчини олиб кетаётган паром чўккан.

Чўкиш сабаби номаълум.

Йўловчиларнинг 300 дан ортиғи мактаб ўқувчилари бўлганлар.

Қутқарувчилар қарийб 370 одамни қутқарганлари ҳақида хабар қилганлар, икки инсон нобуд бўлган.

Паром Инчхон шаҳри бандаргоҳидан Жежу оролига йўл олган.

Жежу ороли курорт маскани бўлиб, пойтахт Сеул четидаги мактаблардан бирининг ҳозир каникулда бўлган ўқувчилари ва ўқитувчилари оролга экскурсия уюштирганлар.

Кемада бўлган йўловчиларнинг айтишларича, тўсатдан қаттиқ овозни эшитганлар ва шундан сўнг паром тўхтаб қолган.

Бироздан кейин ёнбошига оға бошлаган.

Ҳойнаҳой, паром саёзликка "ўтириб" қолган, дейилмоқда.

Паром ҳалокатга учрагани ҳақидаги сигнал олинганидан кейин катта қутқарув ишлари бошланган.

Ҳодиса жойига 30 дан ортиқ кема ва 20 га яқин тикучарлар жалб этилган.

Жанубий Корея телеканаллари қутқарув ишларини тўғридан-тўғри эфирга узатган.

Кема 15 апрел тунида йўлга чиққан.

16 апрел тонгида Жанубий Кореянинг ғарбий соҳилида қалин туман тушган ва кема қатновлари бекор қилинган.

Расмийлар кўп сондаги инсонларга нима бўлгани номаълум эканини айтганлар.

Қутқарилган йўловчилар эса кема ичида кўп одам тиқилиб қолган, деб айтганлар.