Яценюк: Путин СССРни қайта тиклашни орзу қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина бош вазири Москва сиёсатидан хавотирда

Украина ҳукумати раҳбари Арсений Яценюкнинг ишончи комилки, Россия Президенти Владимир Путин ўз қалбида Совет империясини қайта тиклаш орзуи билан видолашмаган.

У бу фикрини шанба оқшомида Американинг NBC телеканалидаги Meet the Press кўрсатувида изҳор қилди.

Бошловчи Девид Грегори Яценюкдан Путин украин ва русслар аслида битта халқ экани ва Украина жануби 18-19 асрларда "Новороссия" деб аталгани ҳақида гапирганда, нималарда назарда тутган бўлиши мумкинлигини сўради.

"Президент Путиннинг орзуи - Совет Иттифоқини қайта тиклаш. У кундан кунга ана шу орзу томон силжимоқда. Якуний нуқтаси нима бўлишини фақат Худо билади", - деди Украина бош вазири.

"У айни қарашларини икки йил аввал Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳам билдирганди. Ўйлайманки, сиз унинг 2007 йилги Мюнхенда қилган машҳур нутқини ҳам ёддан чиқармагансиз, унда у СССРнинг қулаши ўтган асрнинг энг буюк фожеаси бўлганини айтганди. Менинг фикримда эса, Президент Путин қўли остида Совет Иттифоқининг қайта тикланиши жорий асрнинг энг катта фожеаси бўлади", - дея қўшимча қилди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин тарихан Россияга тегишли бўлган қўшни мамлакатлар ерлари ҳақида даъволар қилган

Владимир Путин "бирлашган халқ" ҳақида 18 мартда Федерал Мажлисга қилган мурожаатида, Новороссия ҳақида эса 17 апрелда оддий фуқаролар билан бўлиб ўтган телекўпригида гапирган.

"Аблаҳларни топиш"

Грегори, шунингдек, Яценюк Украина шарқидаги аксил-семитик ҳужумлар ҳақида қандай фикрда эканини сўради. Яценюк бу ҳужумлар ортида маҳаллий бўлгинчилар турганини айтди.

"Биздаги маълумотга кўра, қуролланган гўёки тинч намойишчилар маҳаллий яҳудийлардан ўзлари яҳудий эканликларини очиқлашларини талаб қилиб варақалар тарқатганлар. Мен бугун тонгда қуролли кучлар ва Украина миллий хавфсизлигидан бу аблаҳларни зудлик билан топиб, жавобгарликка тортишни сўрадим", - деди Яценюк.

Бир неча кун аввал ниқобли одамлар Донецкдаги синагог қаршисида "Донецк Халқ Республикаси" муҳри босилган варақаларни тарқатганлар.

Варақаларда яҳудийлар "Киевдаги бандерачи хунта"ни қўллаб-қувватлашда айбланадилар ва улардан Донецкдаги маъмурий бинолардан бирига 50 доллар тўлаб, рўйхатдан ўтишлари талаб қилинади.

Аксинча, варақада айтилишича, яҳудийларнинг мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари сургун қилинишлари мумкин.

Россияпараст фаоллар вакиллари варақаларни сохта ва провокация дея қоралашди.

Your contact details
Disclaimer