Саудия Арабистони: 'Аёллар чилим тортишга маҳрам билан келинг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Чилим тортиш араб мамлакатларида аёллар орасида ҳам кенг урф бўлган

Аёл киши чилим чекиладиган қаҳвахонага маҳрами билан бирга бориши керакми?

Саудия Арабистони ижтимоий тармоқларида айни мавзу қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Ҳаммаси Твиттерда чоп қилинган сурат билан бошланди. Суратда Саудия Арабистонидаги чилимхоналардан бири қаршисидаги дейилган эълон акс этганди.

Унда аёллар киришлари мумкинлиги, аммо фақат эркак маҳрамлари ҳамроҳлигида экани айтилган.

Ҳафтанинг дам олиш кунлари эса, мазкур баҳсу мунозаралар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.

"Шиша (чилим) маҳрами ҳамроҳлигида келмаган қизларга тақиқланади" деган трендга бир вақтнинг ўзида 80,000та твит ёғилди.

Кўплаб аёллар бундан ҳайратга тушганлари йўқ, аксинча истеҳзоли жавоблар битишди: "Бизни ҳаммомга ҳам маҳрамсиз борма деб огоҳлантиришлари қолди", дея твитлади бир аёл.

"Маҳрамим ҳожатхонада пайти чилимни тортиб қўйсам нима бўлади? У қайтгунича тутунни пуфласам бўлармикан ёки ичимда асраб тураманми?" деди бошқаси.

Айрим эркаклар эса, буни ҳазилга олдилар. "Мени бир соатга ёллаш 50 риал" дея твит қолдирди биров.

Бироқ, ижтимоий тармоқдаги баъзилар мазкур қадамни дастаклашди. Мисол учун: "Яхши қарор ва мақсад - қизлар орасида чилим тортишнинг зарарини камайтириш. Ота-онасидан яшириб, чилим чекиш учун қаҳвахонага борадиган қизлар бор", деди тарафдорлардан бири.

Саудия Арабистонида маҳрам тизими амалда қаттиқ тадбиқ қилинган. Бунга кўра, аёл киши бирор жойга бориш, ишлаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва турмуш қуриш учун эркак васийсидан рухсат олиши талаб қилинади.

Ҳюман Райтс Уотч чиқарган ҳисоботда мазкур тизим "қиролликда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини тан олиш йўлидаги энг сезиларли тўсиқ" сифатида таърифланган.

Араб мамлакатларида чилим чекиш ҳам эркак ва ҳам аёллар орасида кенг тарқалган. Сўнгги пайтлар бу Буюк Британияда ҳам оммалашиб бормоқда.

Айниқса, чилимни мева таъмини берувчи аралашма билан тортиш кенг урф бўлган.

Саудия Арабистонидаги қаҳвахона ташқарисида қўйилган эълонга қайтсак, улар гўё "диний полиция" кўрсатмаси асосида иш тутишган.

Мазкур полиция хизматини бошқарувчи қўмита воизи эса, газеталардан бирига гапираркан, уларнинг кўрсатмалари нотўғри талқин қилингани, тақиқ маҳрамсиз аёлларга эмас, балки 18 ёшга етмаганлар учун эканини айтган.