Россия: меҳнат муҳожирлари учун тил имтиҳони янги талабларидан мақсад нима?

Россия Федерал Миграция хизмати меҳнат муҳожирлари учун рус тили бўйича имтиҳон ўтказиш тартибларини тайёрлади.

Россияга келган меҳнат муҳожирлар рус тили бўйича янги тартибдаги синовдан ўтгач, ишлашга рухсат берилади.

Бунда меҳнат муҳожирлар рус тилидан қанчалик саводли эканликлари ва нафақат кундалик сўзлашувни, балки фалсафий, публицистик ва бадиий матнларни тушуна олишларини кўрсата билишлари лозим бўлади.

Маориф вазирлиги билдиришича, Россияга ишламоқчи бўлган кишилар камида 850 сўз заҳирасига эга бўлишлари талаб этилади.

Би-би-си бу борада Москвадаги Муҳожирлар билан ишлаш ҳуқуқий марказининг раҳбари Юлдуз Отаниёзованинг фикрларини сўради.

Юлдуз Отаниёзова: Бу борада бирон расмий эълон берилгани йўқ, лекин матбуотда эшитганларимдан билганим, бу талабларда бадиий матнни, кинофилмлар ва театр спектаклларини ҳар томонлама тушуниш ва уқиш каби шартлар бор. Менинг фикримча, буларнинг ҳаммаси Россияга шунчаки ишлаш учун одамга керак эмаску. Фуқароликни қабул қилмоқчи бўлса балким керакдир. Менинг фикрим шундай. Россияда шу вақтгача тил бўйича тестларни ўтказиш ва ўқитиш марказларини ташкил қилиш ҳуқуқи тўрт олийгоҳга берилганди ва улар буни амалга ошириб келишмоқда эди. Нима учун ҳозирда Федерал Миграция Хизмати ўзининг қандайдир талаблар рўйхатини ишлаб чиқяпти, менга тушунарсиз.

Би-би-си: Яъни, бу каби тил имтиҳонини меҳнат муҳожирлари шу вақтгача ҳам топшириб келганмидилар?

Юлдуз Отаниёзова: Ҳа, айтиб ўтган 4 олийгоҳ томонидан бутун Россия бўйлаб 15 мингга яқин махсус марказлар тузилиб, лицензия асосида тилни ўқитиб, кейин белгиланган 850 сўз асосида имтиҳонларни қабул қилиб, сертификатлар бериб келмоқда эдилар. Ана шу жараённинг қайси босқичига ҳозирда Федреал Миграция Хизмати суқулиб кирмоқчи мен билмайман. Менимча бу умуман кераксиз нарса. Бир неча йил ҳаракатлардан сўнг тизим ва талаблар аллақачон ишлаб чиқилгандику.

Би-би-си: Қачондан бери меҳнат муҳожирлари бу имтиҳонларни топшириб келмоқда эдилар?

Юлдуз Отаниёзова: 2013 йилдан бери. Лекин бунгача бир неча йил тайёргарлик ишлари олиб борилганди. МДҲ давлатлари билан ўрта таълим аттестатларини ўзаро қабул қилиш битими бор. Ана шу битимга имзо чеккан давлатлардан келганлар аттестатларида рус тилидан 3 дан паст бўлмаган баҳо бўлса бу имтиҳонни топширмасдилар. Лекин менимча, ЎЗбекистон бу битимга имзо чекмагани учун у ердан келганлар топширишлари керак эди.

Би-би-си: Демак бу каби имтиҳон тизими ва талаблар аллақачон мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда Федерал Миграция Хизмати анчайин мураккаброқ талабларни ишлаб чиқиб, бу жараённи мушкуллаштирмоқчи, деб тахмин қилишимиз мумкинми?

Юлдуз Отаниёзова: Балким хизмат бу жараённи янада қолипга солишга ҳаракат қилаётгандир. Лекин бу ҳаракатида ён-атрофга қарамай, аллақачон мавжуд тизимларни назарга олмай қўяётгандир. Бизда бу нарса рўй бериб турибди, бор қонунлар ўрнига янгилари киритилади, қайта-қайта ўзгартирилади. Аслида бор қонунлар ишлатилса янгисига ҳожат йўқ. Лекин қонунлар ишламагани учун қани уни қатъийлаштириб кўрайликчи, яхшироқ ишлармикан, деган ҳаракатлар қилинади. Бошқа томондан Федерал Миграция Хизмати ҳам тил имтиҳонлари жараёнига қўшилиб, ўз марказларини ташкил этиб бу орқали ишланаётган пулларнинг бир қисмига эга бўлмоқчимикан, ким билсин?

Бу мавзуда батафсилроқ