Туркия Бош вазири Арман халқига таъзия билдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Усмонийлар империясида Биринчи Жаҳон Уруши вақтида ўлдирилган ва бадарға этилган юз минглаб арманиларнинг авлодларига таъзия изҳор этган.

Лекин қарийб 100 йиллик тарихга эга воқеа юзасидан кечирим сўрамаган.

Бу Туркия ҳукуматининг арманилар ўлими юзасидан биринчи бор ушбу тарзда чиқишидир.

Арманистоннинг даъво қилишича, Усмонли турклар томонидан 1.5 миллионга яқин арманилар Биринчи Жаҳон Уруши йилларида ҳалок этилган.

Шу боисдан, Арманистон Туркиядан Биринчи жаҳон урушида арманларнинг оммавий ўлдирилишини геноцид деб тан олишни талаб қилиб келади.

Мазкур оммавий ўлдирилишлар арманилар томонидан қатлиом сифатида кўрилиши Туркия билан ўн йиллардан буён давом этаётган адоват асосида туради.

Туркия эса воқеага бундай ёндашувни кескин рад этади. Ва Туркия 1915 йилдаги воқеада одамлар ўзаро ички қарама-қаршиликнинг қурбонлари бўлишган ва ўлганлар сони ҳам сунъий оширилган деб билади.

Арман тарихчилари фикрича, 1915-16 йиллар давомида Шарқий Анатолиядан ярим миллионгача арманлар ҳалок бўлган.

Расмий Анкарага кўра, 1915 йил воқеаларида тахминан 300 минггача арман ўлган, бироқ бу қатлиом эмас.

Эрдўғоннинг Арманларнинг оммавий депортация қилинишининг 99 йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида таъкидланишича, аср бошидаги ҳодиса "инсонийликка ёт" ва бугунга келиб икки мамлакатнинг "умумий дарди"га айланган.

"Умид ва эътиқод билан, ўхшаш одат ва анъаналарга эга икки қадимий халқлар биргаликда ва муносиб равишда ўзларининг ўтмиши ва берилган қурбонларни хотирлашади, деб ўйлаймиз. Биз 20 асрнинг бошидаги ҳодисада ҳалок бўлган арманларнинг руҳлари тинч бўлишини тилаймиз ва уларнинг авлодлари, невараларига таъзиямизни билдирамиз", дейди Эрдўғон. У қадимий халқлар ўтмишни ҳурмат қилиб, келажакни биргаликда қуришлари мумкинлигини айтади ва сабр-бардошли бўлишга чақиради. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, аср бошида мураккабликлар нафақат арманиларга, балки Усмонийлар империяси давридаги барча халқлар елкасига тушган.

Арман минтақалар тадқиқот маркази раҳбари сиёсатшунос Ричард Гирагосяннинг айтишича, Эрдўғоннинг таъзия изҳор этиши кутилмаган ва жуда муҳим қадам бўлган.

"Бу мурожаат уч манбага қаратилган: Арман жамоаси, Арман ҳукумати ва Турк жамоатчилигига. Америка Конгресси бу масалани доим кўтариб келади. Арман ҳукумати учун бу вазиятнинг юмшаётганини англатади. Шунингдек, Эрдўғон президент бўлиш ниятида экан, у ўзининг омма олдидаги олдинги қаттиққўл образини бироз юмшатишни хоҳлаётганини кўрсатади" дейди арман сиёсатшуноси.

Эрдўған 1915 йилдаги ҳодисаларни тўлиқ тадқиқ қилиш муҳимлигини айтади. У қидирув ишлари билан арман ва турк тарихчилари иштирокида халқаро комиссия шуғулланиши лозимлигини билдиради. Эрдўғон бунга боғлиқ Туркиядаги барча архивларни очишга ваъда беради.

Шунингдек, у 1915 йил воқеалари мухолифат томонидан сиёсий мақсадда фойдаланмаслик кераклигини таъкидлаган.

24 апрел Усмонийлар империясидаги арман қурбонларини хотирлаш куни ҳисобланади. 1965 йил Уругвай, кейин Россия, Франция, Олмония, Ҳолландия, Белгия, Словакия, Аргентина ва АҚШнинг 50 штатидан 42 таси арманлар қатлиоми бўлганини тан олган.

Туркия 20 аср бошида Усмонийлар империяси даврида арманларнинг оммавий қатл этилганини рад этади.