Славянскдаги тўқнашувларда қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Ички Ишлар вазирлигига кўра, аксилтеррор амалиётлар давомида Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида уч блокпост ноқонуний қуролли гуруҳдан тозаланган.

Қуролли тўқнашув пайти бештагача қуролли шахс ўлдирилган. Украина томонидан 1 киши яралангани хабар қилинади.

Шу билан бирга, Украина Хавфсизлик хизмати Славянскдаги вазиятни назорат остига олиш имкони бўлмаётганини билдирган.

Гувоҳлар шаҳарда отишма овозлари эшитилгани, Славянск устида учта тикучар айланиб юрганини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мухбирлар Славянскдаги россияпараст кучларнинг блок-пости рўпарасидаги Украина танкларини кўрганлар.

Россия Президенти Владимир Путин "Киев ҳукумати мамлакат ичкарисида аҳолига нисбатан армияни ишлатар экан, бу инсониятга қарши жиноятдир" деб айтган.

Путиннинг сўзларига кўра, Украина шарқидаги ҳодисалар Россия ҳукумати қримликларга кўмак бериб, тўғри йўл тутганини кўрсатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Би-би-си мухбирига кўра, тўқнашувлар ҳақидаги хабарларга қарамай, айни пайтда ёнаётган покришкалардан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Россия президенти шунингдек, Украина ҳукуматининг бундай ҳаракатлари жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирган.

Айни пайтда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия армияси Украина билан чегарада ҳарбий амалиётлар бошлаганини маълум қилган. Унинг айтишича, бу Украина шарқидаги ҳодисаларга Россиянинг муносабатидир.

Би-би-си мухбири Дэниел Сэндфордга кўра, Украина ҳарбийлари Славянск ва Артёмовск трассалари ўртасида блок-пост ўрнатганлар.

Славянскнинг "ўз-ўзини ҳимоя қилиш" гуруҳи аъзолари таъкидлашича, улар Украина ҳарбийлари ҳужумини бартараф этганлар ва бутун шаҳарда назоратни қайта қўлга олганлар.

Ғарб давлатлари Украинадаги вазиятдан хавотир билдирмоқда. Барак Обама Токиодаги чиқишида Россия Женева келишувига риоя қилаётганини кўрмаётганини билдирган.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров эса Украинадаги воқеаларда асосий бошқарувчи АҚШ эканига ишора қилган ва расмий Киевни келишувни бажармаётганликда айблаган.

"21 февралдаги келишувнинг биринчи банди ўтиш даври ҳукуматини тузиш эди. Энди эса конституцион ислоҳот ҳам иккинчи ўринга суриб қўйилди. Президентлик сайловларини ўтказиш ғоясини бош планга тортиб чиқаришди", дейди Украина шарқидаги вазиятга изоҳ берган Сергей Лавров.

АҚШ ва ОИ давлат тўнтариши содир этган ва оврўполиклар иштирокида имзоланган келишувни оёқ ости қилган "ҳукумат"ни ёқламоқда", деб қайд этади Россия расмийси.

Франция Ташқи Ишлар вазири Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилар экан, Россияга қарши янги жазо чоралари кўришга тўғри келишидан огоҳлантиради.