Украина инқирози: Мариуполь ҳокимияти "озод қилинди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги Мариуполь порт шаҳри ҳокимият биносини қайта назорат остига олганини билдирди.

Яқинда уч Россияпараст намойишчи отиб ўлдирилган Мариуполда ҳарбий амалиёт тун бўйи давом этган ва бир неча одам жароҳат олган.

Украина шарқидаги 10дан ортиқ шаҳарнинг ҳокимият бинолари бўлгинчилар томонидан эгаллаб олинган.

Хабар қилинишича, Мариуполда икки томон ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда.

Айни дамда Донецк вилоятида ўғирлаб кетилиб ўлдирилган Украинапараст сиёсатчи Володимир Рыбакнинг дафн маросими бўлиб ўтмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама Россияни ўтган ҳафта Женевада эришилган келишувни бузганликда айблаган. Бу келишувга биноан, Россияпараст бўлгинчилар ишғол қилинган биноларни бўшатишлари керак эди.

Жаноб Обама Японияда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Москва минтақадаги жангариларни тўхтатмаганини айтди ва АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни тайёрлаётганидан огоҳлантирди.

НАТОнинг Оврўпо шарқидаги аъзолари ўртасида Россиянинг мақсадлари борасида хавотирлар ошар экан, АҚШ қўшинлари ҳарбий машқлар учун Польшага қўна бошлаганлар.

Москва ўзининг Украинадаги манфаатларига қарши қилинган ҳар қандай ҳужумни жавобсиз қолдирмаслигини айтган.

Бейсбол таёқлари

Украина Ички Ишлар вазири Арсен Аваков Донецк вилоятида Азов денгизи қирғоғида жойлашган Мариупол шаҳри ҳокимияти биноси ҳеч қандай талафотларсиз "озод қилинган"ини айтди.

Унинг айтишича, амалиётда оддий фуқаролар катта роль ўйнаганлар.

Маҳаллий 0629 хабар агентлигига кўра, пайшанба тонгида соат 03:00 ва 04:00 орасида ёшлари 20ларда бўлган ва бейсбол таёқларини кўтариб олган 30 нафарча номаълум кишилар гуруҳи ҳокимият биносига бостириб кирган.

Намойишчилар томонидан чақирилган полиция воқеа жойига келиб томонларни тинчлантиришга уринган.

Маҳаллий Украинапараст расмийлар ва полициянинг билдиришича, қарама-қарши томонлар орасида музокаралар кечмоқда.

Ички ишлар вазири амалиётда ҳеч ким яраланмаганини айтсада, 0629 сайти беш киши жароҳат олганини ёзди.

Жаноб Аваков, шунингдек, Донецк вилоятидаги бошқа шаҳар - Артемивскда ўндан ошиқ Россияпараст жангарилар ҳарбий бўлимдан қуролларни ўғирлашга уринганлари, бироқ уларни Украина қўшинлари тўхтатиб қолганини айтди.

YouTube сайтида пайдо бўлган тасдиқланмаган видеода Артемивск шаҳри узра учаётган ҳарбий тикучарлар кўринади.

Маҳаллий журналист Анна Боковаянинг Россия телевидениесига билдиришича, ҳарбий бўлимга бўлган ҳужум 45 дақиқа давом этган ва унда 50дан ошиқ одам қатнашган.

Унинг айтишича, бўлимдаги аскарлар таслим бўлишдан бош тортишлари ортидан ҳужум бошланган.

Your contact details
Disclaimer