Туркия махсус хизматлари янги ваколатларга эга бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркияда махсус хизматларнинг имкониятларини кенгайтирадиган янги қонун кучга кирган.

Унга кўра, махсус хизматлар телефон суҳбатларини муаммосиз эшита олишлари ҳамда хусусий ва жамоат ташкилотлардан шахсий маълумотларни талаб қилишлари мумкин.

Шу билан бирга махсус хизмат ходимлари яна кўпроқ ҳуқуқлар ва жиноий жавобгарликдан ҳимояга эга бўлишади.

Ушбу қонунга биноан, давлат идораларидан сизиб чиққан ахборотларни чоп қилган журналистлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон номи аралашган йирик коррупцион жанжал орқасидан Туркия ҳукумати ижтимоий тармоқларга нисбатан бир чекловлар киритишга уринмоқда. Март ойида Twitter ва YouTube сайтлари тўсиб қўйилган эди.

Конституцион маҳкама Твиттерга тўсиқни ноқонуний деб топган. Бунга жавобан жаноб Эрдўғон ҳакамлар, полиция ва прокуратурани коррупцион жанжални атайлаб уюштираётганликда айблаб чиқди. Бу Туркия тарихида бош раҳбарнинг ўз ҳукуматига қарши чиққан илк ҳолати бўлган.

Шунингдек Туркия Бош вазири интернетга сизиб чиққан ўғли билан бўлган телефон суҳбати аудио ёзувларини сохта деб атаган.

Телефон суҳбатида у гўёки ўғли билан йирик миқдордаги пулларни қаерга яширишни муҳокама қилади.

Бош вазирнинг парламентга айтишича, YouTube видеохостингига қўйилган аудиофайл "хиёнаткорона тўҳмат" бўлиб, айбдорлар жазосини олиши кераклигини таъкидлаган.

Эрдўған унинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни мўътадил мусулмонлар ҳаракати - "Хизмат" томонидан уюштирилган фитна, деб ҳисоблайди.

Турк мухолифати айни аудио ёзувлар туфайли ундан истеъфога чиқишни талаб қилганлар.

Ражаб Тойиб Эрдўғон Абдулла Гул билан бирга Туркия президентлик сайловларида қатнашмоқчи экан, бош вазир маъмурияти мухолиф томонидан ташкиллаштирилаётган турли ҳаракатлар Эрдўғанни обрўсизлантиришга қаратилган кампаниянинг бир қисми, деб билдирган.

Мухолифат бу айбловларни рад этади.