Лондонистон: "Титаник" кемасидан охирги мактуб 119 минг фунтга сотилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Мактубни олишга кўплаб коллекциячилар қизиқиш билдиришган.

Ўтган асрнинг бошида ҳалокатга учраган "Титаник" кемасининг бортидан туриб ёзилган хат Англия аукционида 119 минг фунт(200 минг доллар) га сотилган.

Мактуб Эстер Харт ива унинг етти ёшли қизи Ева томонидан кема ҳалокатга учрашидан саккиз соат олдин ёзилган. Улар иккаласи ҳам кема ҳалокатидан омон қолишади.

Мактуб аёлнинг эрининг палтоси чўнтагида бўлиб, қайиққа ўтираётганларида унга палтони бергани учун сақланиб қолади.

Хат Эстернинг Лондон шарқида яшайдиган онасига атаб ёзилган эди. Хат муаллифи ўзларининг жуда яхши сузиб кетаётганлари ва кеманинг катта тезлиги боис, Нью Йоркка ўз вақтида етиб боришларини ёзган.

Унинг эри Бенжамин кеманинг 1500 йўловчиси, экипаж аъзолари билан бирга ҳалок бўлади.

Бу хат Уилтширдаги Henry Aldridge & Son ширкати томонидан аукционга қўйилган.

Аукцион вакилларига кўра, хат рекорд суммага сотилган.

1912 йил апрелида Саутхэмптондан Нью-Йоркка қараб йўлга чиққан "Титаник" кемаси сафарнинг бешинчи кунида ҳалокатга учраган ва чўкиб кетган.

"Титаник" дан қолган нарсаларнинг савдоси ҳар доим даромадли бўлган. Бундан олдин ресторан менюси 76 минг фунтга сотилган эди. Титаникда ўйналган скрипка эса 900 минг фунтга баҳоланган.

Аукционер Эндрю Олдриж сотилган хатнинг ҳам жуда қимматли эканини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

"Бу жуда ноёб ҳужжат. Титаник бортида туриб ёзилгани хатни бебаҳо қилади, - дейди у. - Ҳаммасидан ҳам муҳими у 14 апрел якшанбада, кема айсберг билан тўқнашишидан бир неча соат олдин ёзилган".

Хат ёзилганидан 12 соат ўтиб Титаник сув қаърига чўкиб кетган.

Шунингдек, мактуб White Star Line ширкатининг қоғозида ёзилган ва унда "Титаник бортида", "якшанба тушдан кейин" деган ёзувлар бўлган.

Хатда Эстер Харт ўзининг денгиз касалидан азоб чеккани ва ҳеч нарса еб-ичолмаганини тасвирлаган.

Кейинроқ у яхши бўлгани ва черковдаги маросимда қизи Ева билан қатнашганини ёзади.

Ева черков гимнини ажойиб ижро этгани, ва "эрта кечқурун" концертда қатнашишларини қайд этади.

Эстер шунингдек, денгизчилар сузиш жуда ажойиб бораётганини билдирганини ёзади.

Титаникда жами 2224 киши бўлиб, 711 таси тирик қолади. Кемадаги қайиқлар 1 178 одамга мўлжалланган, бироқ ҳалокат пайти уларнинг ҳаммасидан фойдаланилмайди.

Экипажнинг 897 нафар аъзосидан 685 нафари ҳалок бўлади. Уларнинг 700 дан ортиғи Саутхэмптонлик бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ