Украина инқирози: Славянскда ушланган кузатувчилар матбуот анжумани берди

Украина шарқида россияпараст фаоллар томонидан қўлга олинган Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари журналистлар қаршисига чиқишган.

Саккиз кузатувчи матбуот анжуманига бўлгинчилар раҳбари Вячеслав Пономарёв билан бирга ҳозир бўлганлар.

Гуруҳ номидан гапирган олмониялик полковник Аксел Шнайдер ўзларининг аҳволлари яхшилиги, жароҳат олмаганлари, лекин қачон озод этилишларини билмаслигини айтган. Унга кўра, россияпараст жангчилар ўзларини НАТОга жосуслик қилишда айблашмоқда.

"Биз қачон уйга қайтишимизни билмаймиз... Биз чин қалбдан, имкони бўлиши билан ватанимизга қайтишни хоҳлаймиз", деган Шнайдер.

Шу билан бирга у "халқ ҳокими" Вячеслав Пономарёв гуруҳнинг хавфсизлигини таъминлашга ваъда берганини билдирган.

"Жосусга ўхшайди"

Маҳаллий жангчилар уларни қўйвормасликлари, жосус деб ишонишларини айтишганди.

Кузатувчилар расмий Киев томонидан Донецк вилоятидаги вазиятни кузатиш мақсадида таклиф қилинган.

Славянскдаги россияпараст фаоллар жума куни ушланган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини "ҳарбий асирлар" деб атаган.

Бўлгинчилар уларни озод қилиш эвазига Украина ҳукумати ҳибсга олган фаолларини озод қилишни талаб қилишлари мумкин.

Славянскнинг "ҳалқ ҳокими" Вячеслав Пономарёв жангчилари яна уч Украина зобитини ушлаганини айтган. Уларни озод қилиш бўйича музокаралар кетмоқда.

Украина Хавфсизлик хизмати билдиришича, 26 апрелда Донецк вилояти Горловка шаҳрида "хавфсизлик ходимлари депутат Владимир Рибакнинг ўлимида гумон қилинган Россия фуқаросини ушламоқчи бўлганда, қуролли кишилар уларга қарши ҳужум қилган ва хизмат вазифасини бажараётган уч ходимни ҳибсга олган".

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россияни Украина шарқида гаровга олинган оврўполик кузатувчиларни озод қилинишига кўмак беришга чақирган.

Керри жаноблари Россияни Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганликда айблаган.

Сергей Лавров билан телефон мулоқотида Жон Керри Украина чегарасида Россия қўшинлари тўпланганидан хавотир билдирган.

Шанба кунги матбуот анжуманида Славянскдаги маҳаллий "ҳимоячи"лар вакили фаоллар кузатувчиларни жосус деб билгани учун қўйвормоқчи эмаслигини айтганди.

Бўлгинчилар Россия расмийлари билан бу борада музокара ўтказишга тайёрлигини қайд этган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги кузатувчилар озод қилиниши учун барча чораларни кўраётганини маълум қилади.

Олмония Мудофаа вазирлигига кўра, қуролланмаган гуруҳ таркибида уч олмониялик ҳарбий, бир таржимон ва Дания, Чехия, Полша ва Швеция кузатувчилари бор.

Славянскдаги фаолларнинг билдиришича, кузатувчилар текширилганда уларнинг ёнидан блокпостлар белгиланган ҳарбий харита, патрон ва ҳарбий жетонлар чиққан.

27 апрелда халқаро ташкилот саккиз ходимини озод қилиш бўйича бир гуруҳ воситачиларини Славянскка жўнатаётганини хабар қилди.

Бундан аввал Президент Обама Россияни Украинадаги вазиятни беқарорлаштираётган ҳаракатларини тўхтатишга чақирган.

Малайзиядаги сафари вақти жаноб Обама Россиянинг Украина инқирозидаги таъсири боис, АҚШ ва қатор Оврўпо давлатлари қўшимча санкциялар киритишни режалаётганини айтган.

Донецк телевидениеси ишғол қилинди

Охирги хабарларга кўра, россияпараст фаоллар Донецк вилоят телевидениесига кириб олганлар.

Телевидение атрофида 500 дан ортиқ киши "Славянск- қаҳрамон шаҳар", "Россия", "Киев Донецкка буйруқ бермасин" деган сўзларни айтиб бақиришган.

Намойишчилар Украина каналларини узиб, Россия телеканалларини улашни талаб қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ