Марказий Африка пойтахтини охирги мусулмонлар тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Марказий Африка Республикаси пойтахти Бангиу шаҳридан охирги мусулмон гуруҳ олиб чиқилган.

Франция ва Африка ҳарбийлари назоратида 1220 нафар мусулмон 18 юк машинасида мамлакат шимолидаги Бамбари шаҳрига йўл олган.

Улар Бангиудаги охирги мусулмонлар бўлгани айтилади.

Хабарларга кўра, якшанба кечқурун Марказий Африкадаги “Чегара билмас шифокорлар” халқаро инсонпарварлик ташкилотининг Бангиудан шимолда Нанга Богуила қишлоғидаги клиникасига насроний жангарилар ҳужум қилганлар.

Халқаро ташкилот вакилинининг айтишича, уч шифокор ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шунингдек қуролли гуруҳ яна 15 маҳаллий фаолни ўлдиргани ҳақида хабарлар бор.

2013 йил Бангиуда мусулмонларнинг “Селека” ва насроний исёнчиларнинг “Антибалака” гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан.

Диний низолар оқибатида минглаб одамлар ўлдирилган, миллиондан ортиқ инсон яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Франция тинчликпарвар кучлари ва Африка Иттифоқи армияси ҳамкорликда Марказий Африка Республикасида тартиб ўрнатишга уринмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган ой Халқаро Амнистия ташкилоти халқаро тинчликпарвар кучлари Марказий Африка республикасидаги мусулмонларнинг қирғин қилинишини тўхтата олмаганини айтган.

Ташкилотга кўра, "тарихда кузатилмаган даражада кўп мусулмонлар мамлакатни ташлаб қочишмоқда".

Ёрдам ташкилотлари аксар дўконлар ва улгуржи бозорлари мусулмонлар қўлида бўлгани боис энди мамлакатда озиқ-овқат инқирози юзага келишидан огоҳлантирган.

Мусулмон тижоратчилар пойтахт Бангини ташлаб қочиши ортидан нарх-наволар ҳам осмонга сапчиган.

Бу мавзуда батафсилроқ