"Мусулмон Биродарлар"нинг 683 тарафдори ўлимга ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср маҳкамаси “Мусулмон Биродарлар” ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Бадий дохил 683 аъзосини ўлим жазосига ҳукм этди.

Судланувчилар ўтган йил Қоҳирадаги полиция идорасига ҳужум қилишда айбдор деб топилган.

Шунингдек, маҳкама Муҳаммад Мурсийнинг 24 мартда ўлимга ҳукм этилган 529 тарафдори ишини қайта кўриб чиқиб, 492 нафарини умрбод қамоқ жазоси билан ўзгартирган.

Ҳимоячилар ўшанда ушбу ҳукм замонавий Миср тарихида эълон қилинган энг катта оммавий ўлим жазоси эканини айтишган эди.

Шунингдек, бу энг қисқа маҳкама жараёни ҳам бўлган.

529 шахс устидан маҳкама 22 март куни бошланиб, икки кунда ниҳоясига етган.

Мисрнинг эркин сайловлар орқали сайланган президенти Мурсий 2013 йил июл ойида ҳарбийлар тарафидан ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Шундан сўнг норозилик ва тартибсизликлар бошланган, ҳарбийлар дастаклаган Миср ҳукумати юзлаб Мурсий тарафдорларини ўлдирдилар ва мингдан ортиғи ҳибсга олинган эди.

Муҳаммад Мурсийни кетказиб ўрнига келган ҳарбийлар ҳукумати “Мусулмон Биродарлар” исломий ҳаракатини таъқиб остига олган.

2013 йил 14 августида пойтахт Қоҳирадаги "Мусулмон Биродарлар"нинг икки норозилик жамлоғида тўпланиб ўз норозиликларини изҳор этаётган намойишчилар тарқатилган, хавфсизлик кучлари минг атрофида намойишчини ўлдиргани хабар қилинган.

Шундан кейин Миср жанубидаги Миня вилоятида тартибсизликлар бошланган, "Мусулмон Биродарлар" тарафдорлари полиция идорасига ҳужум қилганлар.

24 март куни ўлим жазосига ҳукм қилинганлар Миня вилоятидаги тартибсизликларда қатнашганлар бўлган.

Қудратдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий ҳам қамоқда сақланмоқда. Унга 2011 йилда қамоқдан қочиш, давлатга хиёнат қилиш, қотилликларга алоқадорлик каби бир қатор айбловлар қўйилган.

Муҳаммад Мурсий президентлигида юз берган намойишда саккиз намойишчи ҳалок бўлган. Миср маҳкамаси Мурсийни улар ўлимида айбдор деб кўради.

Ҳарбий ҳукумат қудратни қўлига олгач, Мурсийнинг минглаб тарафдорлари ўлдирилган. Бироқ Мисрнинг янги ҳукумати ўлдирилганларни террористлар деб билади.

Бу мавзуда батафсилроқ