Россияпараст қуроллилар ОХҲТ ходимларини маҳбусларга алмаштирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Славянск ҳануз россияпараст бўлгинчилар қўлида қолмоқда

Украинанинг шарқий Славянск шаҳридаги россияпараст қуроллилар ўзлари ушлаб турган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини Киевдаги ҳокимият томонидан ҳибсга олинган федерализм тарафдорларига айирбошлашларини айтишган.

Бу ҳақда ўзини шаҳар ҳокими деб эълон қилган Вячеслав Пономарев маълум қилган.

РИА Новости агентлигининг иқтибос келтиришича, бўлгинчилар ОХҲТ кузатувчиларини озод қилиш эвазига жумладан, жаноб Пономаревнинг ўринбосари Игор Перепеченконинг қўйиб юборилишини талаб қилишмоқда.

Перепеченко Москвадан қайтаётган пайт Донецк аэропортида ҳибсга олинганди.

Жаноб Пономаревнинг сўзларига кўра, ОХҲТ ходимлари ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.

"Биз уларга яхши шароитларни яратиб берганмиз. Улар асир эмас, улар бизнинг меҳмонимиз", -деб айтган ўзини Славянск шаҳар ҳокими деб эълон қилган Пономарев Интерфакс хабар агентлигига.

У шунингдек, Горловка шаҳрида қўлга олинган ва россияпараст жангарилар томонидан ушлаб турилган Украина Хавфсизлик Хизмати зобитларини ҳам, агар Киевдаги расмийлар манфаатдор бўлишса, айирбошлаш режаланаётганини айтган.

Аввалроқ Славянскдаги россияпараст исёнчилар қўлга олинган ОХҲТ ходимларидан бирини, соғлиги ёмонлашгани туфайли озод этишган.