Украина инқирози: Россия АҚШ-НАТО ҳаракатларидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сўнгги пайтларда шарқий Оврўпода АҚШ ва НАТО қўшинлари фаоллиги кучайди.

Украина бўҳрони кучаяр экан Москва Россия сарҳадлари яқинида АҚШ ва НАТО ҳарбийлари ҳаракати "беқиёс" даражада ортганидан хавотир изҳор этган.

Россия мудофаа вазири АҚШ ва НАТО изоҳларини "иғвогарона" дея қоралаган.

Россияпараст фаоллар Украина шарқидаги ўндан ортиқ шаҳарда ҳокимият биноларини босиб олганлар ва Словянск шаҳрида етти нафар оврўполик ҳарбий нозирни гаровда ушлаб турибдилар.

Оврўпо Иттифоқи сешанба куни Россияга қарши санкцияларини кучайтириб, 15 нафар рус фуқаросига виза чекловини жорий этди.

Бир кун муқаддам АҚШ айни Россияга нисбатан ўхшаш жазоларни қўллаган эди.

АҚШ санкциялари етти нафар россиялик арбоб ва 17 ширкатни ҳадафга олган.

Вашингтоннинг ишонишича, мазкур шахслар ва ширкатлар Президент Владимир Путин билан "яқин" алоқага эгалар.

Оврўпо Иттифоқи рўйхатига Россия Бош ҳарбий штаби бошлиғи, генерал Валерий Герасимов, ва Россия ҳарбий жосуслик хизмати - ГРУ бошлиғи экани ишонилган, генерал Игорь Сергун, ҳам киритилган.

Ушбу рўйхатдан, шунингдек, Россия Бош вазири муовини Дмитрий Козак ҳамда Қрим ва шарқий Украинадаги россияпараст бўлгинчилар раҳбарлари ўрин олганлар.

Брусселдаги Би-би-си мухбири Мэтю Прайснинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи рўйхати, АҚШники сингари Президент Путинга яқин инсонларни эмас, балки Украинадаги ҳодисаларга алоқадор шахсларни нишонга олган.

"Иғвогарона"

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бир баёнот чиқариб, америкалик ҳамкасби Чак Ҳейгл билан соат давомида телефон орқали суҳбатлашганини билдирган.

Сергей Шойгу Россияни жиловлаб қўйиш ҳақидаги НАТО раҳбарияти баёнотларини "иғвогарона" дея баҳолаган.

Унинг таъкидлашича, Рооссия қўшинлари, Украина чегараси яқинида ўтказилган ҳарбий машқлардан кейин, ўзларининг доимий мавқеъларига қайтганлар.

Бироқ у минтақада Россия қўшинлари сони камайгани ёки ортгани борасида маълумот бермаган.

Украина сарҳадлари яқинида Россиянинг 40 минглик қўшини жойлаштирилгани тахмин қилинади.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейглнинг огоҳлантиришича, Москва ўзини қанчалар агрессив тутса, унга нисбатан иқтисодий ва дипломатик босимлар шунчалар кучайишини кутиш лозим.

У шунингдек Кремлни Словянск шаҳрида россияпараст кучлар томонидан қўлга олинган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг етти нафар ҳарбий зобитини озод этишда ҳамкорлик қилишга чақирган.

Россиянинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги вакили, Андрей Келин, аввалроқ ҳарбий зобитларни озод этишда Москва кўмак беришини маълум қилганди.

Украина ҳукумати маълумотига кўра, Славянскдаги бўлгинчилар куч билан 40 нафар инсонни гаровда ушлаб туришибди.

Улар орасида ягона Украина тарафдорлари, журналистлар, кузатувчилар ва Украина Хавфсизлик Хизматининг уч нафар ходими бор.