Туркия АҚШдан Гулен экстрадикциясини талаб қилмоқчи

Image caption Ражаб Тоййиб Эрдўғон (чапда) ва Фатҳуллоҳ Гулен бир пайтлар яқин иттифоқчи ҳисобланишарди

Туркия Бош вазири, Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакати АҚШда истиқомат қилаётган руҳоний Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилиш жараёнини бошлаш ниятида эканини айтган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзининг собиқ иттифоқчиси бўлган жаноб Гуленни уни ҳокимиятдан ағдаришга уринишда айблаб келади.

Фатҳуллоҳ Гулен Туркия бош вазирига қарши кампания юритаётгани ҳақидаги даъволарни рад этади.

Туркия ҳукумати сўнгги ойларда коррупцияга алоқадор қатор жанжалларга рўбарў бўлди.

Баъзи инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар жаноб Эрдўғонни яккаҳокимликда айблайди.

Туркияда иқтидорда бўлган Адолат ва Тикланиш Партиясининг парламентдаги вакиллари билан учрашувдан сўнг, парламентда чиқиш қилган жаноб Ражаб Тойиб Эрдўғон экстрадиция жараёни "бошланиши"ни тасдиқлаган.

'Намунавий ҳамкор'

Туркия Бош вазири парламентда АҚШнинг PBS телеканалига берган интервюсидан бир неча соат ўтиб чиқиш қилган.

Суҳбат чоғида Ражаб Тоййиб Эрдўғон жаноб Гуленнинг Америкадан Туркияга экстрадиция этилишига умид билдирган.

У шунингдек Вашингтон "намунавий ҳамкор" сифатида масалага жиндий ёндашишига ишонишини айтган.

"Улар, ҳеч бўлмаганда, уни чиқариб юборишлари керак," - дея илова қилган жаноб Эрдўғон.

74 ёшли Фатҳуллоҳ Гулен Қўшма Штатларнинг Пенсилвания штатида 1997 йилдан буён истиқомат қилади.

Туркия полицияси ва адлия тизимида унинг кўплаб тарафдорлари борлиги ишонилади.

Унинг эҳтиросли ваъзлари "Хизмат" ҳаракатининг кучайишига хизмат қилган.

Ушбу ҳаракат дунёнинг 150 дан зиёд мамлакатида ўзининг миллионлаб тарафдорига эга.

"Хизмат" таълим тизими ва тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Жаноб Эрдўғон ҳаракатни ижтимоий медиа тармоқлари орқали уни ва ҳукуматни ёмонотлиқ қилишга қаратилган сохта видео ва аудио материалларни тарқатишда айблайди.

Сўнгги ойларда "Хизмат"нинг тарафдорлари экани ишонилган минглаб полиция ва адлия ходимлари ё ўз вазифаларидан бўшатилган ёки қуйироқ вазифаларга тайинланган.