Украина қўшинлари шарқдаги ғалаённи бостиришга "ожиз"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Украинанинг вақтинчалик Президенти Олександер Турчинов ўз қўшинлари мамлакат шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларидаги Россияпараст жангариларни бостиришга "ожиз" эканини тан олган.

Жаноб Турчинов эндиликда мақсад нотинчлик кўламининг кенгайиб кетишини бартараф қилиши эканини билдирди.

Россияни қўллаб-қувватловчи фаоллар қатор ҳукумат биноларини ишғол қилганлар, ҳамда қарама-қарши томондагилар, хусусан халқаро кузатувчиларни гаровга олганлар.

Жаноб Турчинов Россия қўшинлари Украинага бостириб кириши хавотирлари манзарасида Украина "тўла жанговор ҳолат"га келганини билдирди.

"Мен очиқ айтмоқчиман, хавфсизлик идоралари ҳозирча Донецк ва Луганск вилоятларидаги вазиятни назорат остига олишга қодир эмаслар", - деди у маҳаллий ҳокимлар билан учрашуви чоғида.

"Ундан ташқари, бу идораларимизнинг баъзилари террорчи гуруҳларга ё ёрдам беришаяпти, ё улар билан ҳамкорлик қилишаяпти", - деди у.

Жаноб Турчинов ҳозирда асосий вазифалардан бири "террор таҳдиди"нинг Харковь ва Одесса вилоятларига тарқалишининг олдини олиш эканини айтди.

Унинг айтишича, чегарада тўпланган ўн минглаб Россия қўшинлари "Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаш таҳдиди реал" эканига ишорадир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer