Урумчи темир йўл вокзалида портлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шинжон мухтор бўлгасида охирги йилларда вазият беқарорлашган.

Reuters хабар агентлигига кўра, Шинжон мухтор бўлгаси пойтахтида портлаш рўй берган.

Маҳаллий матбуотда хабар берилишича, темир йўл вокзалида юз берган портлаш натижасида жароҳатланганлар шифохонага олиб кетилган.

Расмий Синьхуа агентлигида айтилишича, портлаш жанубий темир йўл вокзалида рўй берган.

Портлаш ортида ким турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима айтилмаган.

Хитойда кенг тарқалган Twitter-сифат Weibo ижтимоий тармоғида вокзалга кираверишда вайроналар ва чемоданлардаги қон излари туширилган суратлар тарқалган. Ҳозирча бу суратлар не қадар ҳаққоний эканлигини текшириш имкони йўқ.

Ҳодиса Хитой президенти минтақага тўрт кунлик сафарини якунлаётган куни рўй берди.

Яқин вақтларгача аксар аҳолиси уйғурлардан иборат бўлган Шинжонда охирги йиллар мобайнида вазият беқарорлашиб, қатор ҳужумлар рўй бериб келмоқда.

Ҳукумат ушбу ҳужумлар ортида исломий жангарилар ва бўлгинчилар турганлигини айтиб келади.

Уйғур фаоллари эса вазиятнинг беқарорлашишига Хитой ҳукуматининг мусулмон аҳолиси фаолияти ва уйғур маданиятини чеклашга қаратилган сиёсати сабаб эканлигини айтадилар.

Хитой ҳукуматининг исломий жангариликка нисбатан хавотирлари ўтган йили октябр ойида Пекиндаги Тянанмен майдонида машина портлаши ва ўтган ойда Кунминг шаҳрида 29 киши пичоқ билан қуролланган шахс ҳужумига учраганидан сўнг кучайган.

Бу мавзуда батафсилроқ