Унутилаётган туш ва ё Яқин Шарқ муаммосига ечим йўқми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Йигирма йиллик мавзу...

Бундан йигирма йил аввал Фаластин-Исроил музокаралари энди тетапоя қила бошлаган ва ҳар икки томондан ҳам миллионлаб инсонлар тинчлик шартномаси умиди билан яшашар, айни шу келишув ўз ҳаётларини яхшилашига қаттиқ умид қилишар эди.

Йигирма йилки бу умид рўёбга чиқмади.

Йигирма йил узуқ-юлуқ музокараларга зўравонлик соя солиб турди.

Ҳеч нарсага эришилмади.

Бугунги кунда ҳам исроилликлар ва ҳам фаластинликлар тинчлик музокаралари бошланган даврга таққосланса, бир-бирларидан яна ҳам узоқлашишган...

Йигирма йилки тинчлик режасига доир дунё севган калималар “ икки давлат ечими” деган сўзларга жам бўлди.

Бу режа ва ё калималар йиғиндиси аслида зиддият замин оша эканини назарда тутади.

Иккала томон ҳам замин талашиб урушга кирган ва агар бўлашишни уддалашса ўртадаги зиддият ҳам якун топади деган қараш бор эди.

Аммо турфа хорижийлар томонидан рағбатлантирилган музокарачилар бу масалани ҳал қилишга қодир бўлишмади.

“Бузуқ пластинка”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳамма тинчлик истайди

Исроилликлар ва фаластинликлар ўзаро тортишувлар, мубоҳасаларни шу қадар кўп эшитишдики...булардан тўйиб кетдилар.

Ортиқ қулоқ осмай қўйишди.

Бир одам яхши изоҳ берди бунга ...

“ Мен биз тинчлик истаймиз деб ўйлайман, улар тинчлик исташади...бунинг ҳаммаси худди бузуқ пластинка янглиғ айлантирилаверади, айлантирилаверади...”

Буни айтган одам исроиллик эди.

У диндор сионистлар кийиб юрадиган дўппичани бошига қўндириб олганди.

Зотан, бу каби фикрни ҳар иккала томондан эшитсангиз бўлади.

Қуддуси Шарифнинг қуёшли тонгларидан бирида мен ўттиздан ҳатлаган фаластинлик Сулаймон Хатиб ва исроиллик Авнер Виштитзер билан учрашдим.

Икковлон ҳам тинчлик тарафдори ва тинчлик ҳаракати фаолларидан... Бунақа фаоллар тўқсонинчи йилларда кўп эди, шу кунлар улар бармоқ билан саноқли деса бўлади.

Улар Тинчлик Зобитлари аталмиш гуруҳнинг аъзолари бўлиб, бу ўзига хос уюшма собиқ жангчиларнинг бошини қовуштирган.

Авнер Исроилнинг махсус кучлари таркибида бўлган.

Сулаймон эса 15 ёшида Исроил аскарларига ҳужум қилди деб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

"Агар икки давлатчилик режаси бўладиган эса, унда биз орзуларимизнинг қайсиларидандир воз кечишимиз керак бўлади... Қаердадир ўртада учрашиш ва бир-биримизга қўл беришимиз керак. Ҳеч қайси томон барча истаганига эришолмайди”, дейди Сулаймон.

Авнер эса ўрта йўл исроилликларга мурожаат қилиш керак дейди.

"Хавф аниқ. Биз исроилликларни бир нарсага ишонтиришимиз керак. Аксарият, яъни кўпчилик фаластинликлар бизни денгизга чўктириб юборишни орзу қилмайди! Шуни етказишимиз керак”, дейди Авнер.

Бир пайтлар бир-бирларини ўлдириши эҳтимоли юқори бўлган икки кишининг бугун дўстларча ўтирганини кўришдан мамнун эдим.

Аммо мен худди шу суҳбатга бундан йигирма йил аввал ҳам гувоҳ бўлишим мумкин эди.

Вақт тугадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Вақт оз қолди..." АҚШ Давлат котиби Жон Керри

Душанба куни икки ўртада музокаралар бошланишидан аввал АҚШ Давлат котиби Жон Керри исроилликларни бошқа бундай имконият пайдо бўлмаслиги эҳтимоли билан огоҳлантирди.

Ўтган йил май ойида Тел Авивда кечган матбуот анжумани чоғи у вақт ва имконият қўлдан бой берилаётгани ҳақида гапирганди.

Керри жаноблари ва бошқа музокарачилар жуда қаттиқ тер тўкишди.

У Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан 34 марта кўришган, Исроил Бош вазири Нетаняҳу билан эса икки баробар кўпроқ учрашган...

Тинчлик жараёни ўртага авваллари мисли кўрилмаган ғояларни ташлади.

Улардан бири Фаластин давлатининг яратилиши ҳақида эди.

Исроил ва АҚШ аввалига бу ғояни рад этган эди.

Иккала тараф ҳам бугун тинчлик исташини айтади.

Бу истакни шубҳа остига олиш мушкул.

Аммо бу тинчлик ҳақиқий ҳаётга қандай кўчади деган саволга муштарак жавоб йўқ...

Қуддуси Шарифнинг тақдири нима бўлади?

Чегаралар қаерда чизилади?

Исроил кўчманчилари ва Фаластин қочқинларининг бундан кейинги ҳаёти қандай кечади?

Сўнгги келишув учун иккала раҳбар ҳам ўз халқига катта қурбонликлар берилиши эҳтимолини тушунтириши керак.

Ана шу қурбонликлар кейин вақт ўтиб уларнинг ҳаётини яхшилашига ишонтиришлари лозим.

Ҳозиргача бундай бўлмади ва ҳозиргача бир неча имкониятлар бой берилди.

Эҳтимол, икки давлатчилик режаси ортиқ кун тартибида йўқ эканини тан олишнинг мавриди келгандир.

Соат сайин юксалаётган хатар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Фаластинликлар

Аслида мантиқан ҳамма нарса қоғозда бор.

Аммо иккала томон ҳам ўзлари учун муқаддас деб билган орзулару ғояларидан воз кечолмайдилар.

Нетаняҳу жаноблари афтидан Исроил зиддиятни “уддалай” олиши ва ҳукуматини ҳам сақлаб қолишига ишонади.

Президент Аббос эса БМТда Фаластиннинг анча яхшиланган мавқеисидан ҳамон маст ва афтидан турфа халқаро ташкилотларга аъзо бўлишда давом этади.

Давлат котиби Жон Керри эса Исроил Фаластин билан келишиб олмаса, апартеид режимига айланади деган гапи учун узр сўрашга мажбур қилинди.

Масала шуки...агар фаластинликларга ўз давлати берилмаса, улар Исроил фуқаролари бўлишлари керак.

Исроил фуқароси бўлган фаластинликлар эса сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт.

Акс ҳолда, Исроил эски Жанубий Африкага айланиб қолади.

Фаластинликлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлса, вақт ўтиши билан айниқса улар орасида туғилиш кўплиги учун ҳам орадан бир муддат ўтиб яҳудийларни сон жиҳатдан орқада қолдиришади.

Нима бўлганда ҳам ҳали яна тинчлик музокаралари бўлиши тайин.

Аммо ҳозир зиддиятли вазият юзага келмоқда.

Ўтган йигирма йилга қаралса, музокаралар тўхтатиши зўравонликка йўл очган...

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002