Истанбулнинг Таксим хиёбони яна намойишларга саҳна

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Таксим хиёбони. 1-май

Туркия полицияси Таксим хиёбонида намойиш ўтказишга тақиққа қарамасдан йиғилган истанбулликларни тарқатиш учун сув пуркагич ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Мухбирларга кўра, минглаб одамлар шаҳарнинг турфа бурчакларида тўпланишмоқда.

Аксарият Таксим хиёбонига намойишлар тақиқига қарамасдан йиғилажакларини айтмоқда.

Туркия матбуотига кўра, бугун шаҳар бўйлаб 40000 полиция кучлари фаолиятда бўлади.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон аввалроқ намойишчилар Таксимга йиғилишдан умид узиши керак деб огоҳлантирганди.

Таксим хиёбони сўнгги пайт аксилҳукумат норозилик намойишларига саҳнага айланган эди.

Аммо кеча касаба уюшмалари иттифоқи “биз Таксимга ноқонуний тақиққа қарамасдан албатта чиқамиз. Эртага ҳамма йўллар бизни Таксимга элтади”, дея баёнот берган эди.

Жаноб Эрдўғоннинг партияси Март ойида кечган маҳаллий сайловларда ғалаба қозонган эди.

Бу сайлов ўтган йил ёзида кечган намойишлардан кейин Эрдўғон жанобларининг мавқеи ва обрўси учун ўзига хос синов сифатида кўрилганди.

Бош вазир Август ойида президентлик учун беллашиши тахмин қилинмоқда.

Бу Туркияда илк бор тўғридан тўғри президент сайланиши бўлади.

Айримлар Бош вазир қонунларни ўзгартириб ўзининг тўртинчи муддатга қудратда қолиши учун йўл очади деган тахминни ҳам ўртага отмоқда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.