АҚШ: 'Тайванчик иши' бўйича ҳукм эълон қилинди

Image caption Олимжон Тўхтаохунов айбларни рад этади

Нью-Йорк маҳкамаси "Тайванчик ва бошқалар иши" сифатида билинган жиноят иши юзасидан ҳукмларни эълон қилган.

Собиқ Совет Иттифоқидан чиққан Вадим Тринчер, Анатолий Голубчик ва яна 32 шахс ноқонуний қарта ўйинларини ташкил этишда айбланадилар.

Ҳозирга қадар улардан 28 нафари айбларга иқрор бўлган, яна икки кишига нисбатан иш эса кейинга қолдирилган.

Федерал ҳакам Жесси Фурман Тринчер ва Голубчикларнинг ҳар бирига 5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Икки айбланувчи шунингдек,давлат ғазнасига 20 миллион доллар тўлашлари керак.

Гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятдан ўнлаб миллион доллар фойда кўрганлари айтилади.

'Қонундаги ўғри'

Қиморбозлик билан боғлиқ йирик жиноят иши марказида асли ўзбекистонлик ишбилармон ва меценат Олимжон Тўхтаохунов туради.

Жиноят иши материалларида у "қонундаги ўғри" дея тасвирланади.

Прокурорларга кўра, жиноий гуруҳ аъзолари "халқаро спорт мусобақаларида пул тикишни уюштиришган ва асосан Россия, Украина ва дунёнинг бошқа ммалакатларида яшовчи россиялик олигархларга хизмат кўрсатганлар".

Айблов хулосасида айтилишича, Тўхтаохуновнинг роли "қарзларнинг вақтида ундирилиши"ни таъминлашдан ибоорат бўлган ва бунинг эвазига Тайванчик 12 миллион доллар ҳақ олган.

Айни федерал маҳкамада Тўхтаохуновга қарши яна бир жиноят иши мавжуд.

У Солт-Лейк-Ситидаги қишки олимпиада ўйинлари чоғида фигурали учиш бўйича ҳакамларни сотиб олишда айбланади.

Тўхтаохунов ушбу айбларнинг барчасини рад этади.

У 2003 йил Италияда ҳибсга олинган, аммо кейинчалик маҳаллий маҳкама уни АҚШга экстрадиция қилмаслик ҳақида ҳукм чиқарган.

Тўхтаохунов расман қочувда экани айтилади.

"Мен Россиядан ташқарига чиқмаганимга 10 йил бўлди. Қаердадир, кимдир ниманидир содир қилиб қўйган бўлса, менинг бунга қандай дахлим бор?. Мен Россияда яшайману, мени Америкада қандайдир ташкилотми-жамият ташкил қилишда айблашаётгани ғалати", - деб айтган Олимжон Тўхтаохунов Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.