Украинага 17 миллиард доллар кредит берилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Москва Киевдан газ учун қарзларни тўлаб қўйишни талаб қилмоқда.

Халқаро Молия Жамғармаси Украинага 17.1 миллиард долларлик кредитни маъқуллаган.

Украина иқтисодини тиклашга йўналтириладиган кердит шарти туб иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш, жумладан, газ ва электр энергиясига солиқларни оширишдир.

Икки йил давомида ажратиладиган маблағларнинг 3.2 миллиард долларлик биринчи транши Украинага дарҳол берилади.

Бу маблағлардан 2 миллиардга яқини бюджет дефицитини қоплашга сафрланади.

Жамғарма раҳбари Кристин Легард Украинанинг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ваъдасини қанчалик бажараётгани юзасидан мунтазам текширувлар олиб борилишини айтган.

Украина ҳукумати солиқларни ошириш билан бирга мамлакатдаги энг кам иш ҳақи миқдорини музлатишга ҳам рози бўлган.

ХМЖ нинг кредити жамғармага аъзо 24 давлат, жумладан, Россия томонидан маъқулланиши керак.

Ушбу кредит бошқа донорлар, жумладан, Жаҳон Банки, Оврўпо Иттифоқи, Канада ва Япониянинг кредитларига ҳам йўл очади.

Улар Украинага умумий миқдорда 15 миллиард доллар ваъда қилишган.

Иқтисодий тушиш

Ҳозирда Украина иқтисоди, мутахассисларнинг фикрича, дефолт арафасида турибди.

Москва Киевдан газдан бир неча миллиардлик қарзларни тўлаб қўйишни талаб қилмоқда.

Акс ҳолда Россия газ таъминотини тўхтатиш билан таҳдид қилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Украина ялпи ичкит маҳсулот ҳажми 1.1 фоизга қисқарган.

Украина ҳукумати 2014 йилда мамлакат иқтисодида 3 фоизлик тушишни башорат қилмоқда.

Ўтган йил декабрида Россия Украинага 15 миллиард доллар кредит ваъда қилган, аммо Президент Януковичнинг ағдарилиши ортидан уни бекор қилган.

Чоршанба куни Халқаро Молия Жамғармаси Россиянинг ўзида иқтисодий рецессия бошлангани ҳақида огоҳлантирган.

Ташкилотнинг ҳисоб-китобича, жорий йилда Россиядан 100 миллиард доллар маблағ четга чиқиб кетади.

Бунинг сабабларидан бири АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг Украинадаги воқеалар сабаб Москвага жорий этган жазо чораларидир.