Табиий офат: 'Ўнлаб инсонларнинг ҳануз дараги йўқ'

Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни шимолий минтақасидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳалокатли сув тошқинларидан бир ҳафта ўтиб ҳам, ўнлаб кишиларнинг ҳануз дараклари йўқ.

Қурбонларнинг сони эса, биргина ўзбеклар зич яшовчи уч жабрдийда вилоят: Жаузжон, Сарипул ва Фарёбда 150 кишига чиққан.

Маҳаллий масъулларга кўра, қирқдан ортиқ инсонни қидирув ишлари жадаллик билан олиб борилаётганига қарамай, уларни топишга бўлган умид сўниб бормоқда.

Ўтган ҳафта пайшанбадан жумага ўтар кечаси юз берган кутилмаган сув тошқини минтақага жиддий зиён етказган.

Минглаб уй-жой, биноларга қўшиб, катта ҳудуддаги боғ-роғ, экинзор ва йўлларни буткул ювиб кетган, электр таъминоти издан чиққан, ўнлаб қишлоқлар шундоқ сув остида қолганди.

Табиий офатдан Жаузжон, Сарипул ва Фарёбдан ташқари, шимолий Балх, Самангон ва Тахор вилоятлари ҳам қисман зиён кўришган.

Қатор халқаро ёрдам ташкилотларининг бирдек эътироф этишларича, йўллар яроқсиз аҳволда экани боис, ҳалиям бутун талофат кўламини аниқлаш имконсиз.

Аммо, "Save the Children" халқаро хайрия жамғармасининг дастлабки ҳисоб-китобларига таянилса, ҳалокатли табиий офатдан 40.000 киши жабр кўрган. Улардан 25.000 нафари эса, болалардир.

Маҳаллий масъуллар уларни имкон қадар қўни-қўшни, мактаб ва масжидларга жойлаштиришга ҳаракат қилишаётганини айтишади.

Аммо, минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра ҳам, шимолий Жаузжон вилоятида ҳалиям минглаб жабрдийдалар очиқ ҳавода, чодирлар остида қолишмоқда.

Аксарият жабрдийда ҳудудларга турли кўринишдаги бирламчи ёрдамлар етиб бораётгани айтилса-да, етиб бориш имконсиз экани боис, айрим туманлар кунлаб кўмаксиз қолиб кетишган.

Сўнгги табиий офат натижасида Афғонистон шимоли ва шимоли ғарбига етказилган зиён миқдори ўн миллионлаб долларга чақилмоқда.

Масъуллар ҳозир асосий эътибор жабрдийдаларнинг ҳаётларини асраб қолишга қаратилаётгани, аммо бутун талофат кўламини аритиш учун узоқ муддатли ва катта миқдордаги ёрдам лозим бўлишини таъкидлашади.

Жабрдийда вилоят мулозимлари ўзларининг эътироф этишларича ҳам, агар кўмаклар тўхтаб қолса, жуда мушкул аҳволда қолишлари тайин.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Афғонистон учун махсус дастурининг бу ҳафталик "Сўз Сизга" рукнида айни шу табиий офат етказган талофат ва уни аритиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ