Фирташ: Украинадаги тартибсизликлар Тимошенко учун қўл келади

Image caption Украиналик бизнесмен Дмитрий Фирташга кўра, Украинадаги инқирозни ечиш йўлларини мамлакатнинг ўзидан қидириш керак.

Украинанинг нуфузли тадбиркорларидан саналган Дмитрий Фирташ Би-би-си учун махсус интервюсида Ўзини Венада ҳибсга олиниши, Қримдаги бизнеси, Украина сайловлари, шунингдек, мамлакат шарқидаги инқироз ким учун қўл келиши мумкинлигини гапирди.

Ҳибс

“Мана худди шу ернинг ўзида мени ҳибсга олишди, - деб ҳикоя қилади шахсий оффисига кириш йўлагини кўрсатиб Дмитрий Фирташ.- Ҳамма ёқни ўраб олишди. Мен улар қанчалигини ҳам билмайман. 50 тами, 100 тами, кўп эди…”

12 мартда Венанинг совет аскарига қўйилган ёдгорлик яқинидаги сокин кўчасида Фирташ АҚШ сўровига кўра Австрия полицияси томонидан ҳибсга олинади. Америкалик суриштирув ходимлари Фирташни ҳинд амалдорига 18,5 миллион доллар миқдорда пора берганликда айблашди.

Полицияда қурол бор эдими? Фирташ бир дақиқа ўйланиб қолади: “Мен эътибор қилмадим. Менга мурожаат қилган одам ҳужжатини кўрсатди, кейин биз машинага ўтириб кетдик”.

Атрофда бир нечта баҳайбат қўриқчилар айланиб юришарди.

"Мен ҳеч қачон турмага тушаман деб ўйламаган эдим”.

Австриянинг қамоқхонасида бизнесмен кўп ўтирмади. Саккиз кундан сўнг уни Оврўпода рекорд сумма 125 миллион евро гаров пули эвазига озод қилишди.

Газпром билан боғлиқ тарих

Ҳибсга олиш шок ҳолати эди. Унинг сабаблари ва айблов тафсилотларини Фирташ тарқатиши мумкин эмас, ҳимоячилар рухсат беришмайди.

“Мени полиция бўлимига олиб келишганда ва ҳибс сабабларини айтишганда мен ажабландим, деб ҳикоя қилади Фирташ. Мен билан ҳеч ким боғланмади, бу мавзуни муҳокама қилмади, ҳеч нарсани сўрамади, бирдан қамоққа олиш…”

Ҳибсдан кейин бирданига бир нечта шарҳловчилар асосий мақсад америкалик суриштирувчиларнинг асосий мақсади Россиянинг газ шартномалари бўйича ва Россиянинг юқори лавозимли раҳбарларининг бизнеси ҳақида маълумот олиш бўлгани ҳақида гапира бошлашди.

Дмитрий Фирташ бундай эмаслигини айтади, агар шундай бўлса, америкаликлар вазиятни таҳлил қилишда жиддий адашганларини кўрсатади.

“Менинг таъсирим бу ерда жуда ошириб юборилган. Менинг барча тарихим- бу Газпром билан алоқаларим, лекин улар фақат иш юзасидан. Бошқача бўлиши мумкин эмас, дейди бизнесмен, ва қўшимча қилади- шунга қарамай, Газпром барибир сиёсий тизим тузилма эканини биз яхши тушунамиз”.

Фирташнинг Газпром билан боғлиқ тарихида энг муҳим нуқталаридан бири воситачи Росукрэнерго ширкатига талуқли бўлиб, ширкат Россия газини Украинага етказиш билан шуғулланади. Дмитрий Фирташ бу қўшма корхонанинг катта акцияларига эга эди.

Бу тартиб танқидчилари Росукрэнергони шаффоф эмасликда айблашди, ўша пайтда Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари ҳозирда вақтинчалик президент Олександр Турчинов ширкат ФБР бўйича қидирувдаги Семен Могилевич томонидан назорат қилинишини билдирди.

“Меннинг назаримда бу масалага АҚШ Молия вазирлигидаги махсус мажлисдан сўнг ўша 2005 йилда нуқта қўйилгандек туюлган”, дейди Фирташ.

Турчинов томонидан қачонлардир айтилган айбловни у бутунлай асоссиз деб билади ва Украина Хавфсизлик хизматида Могилевич ҳақидаги барча ҳужжатлар ёниб кетган “шубҳали ёнғин”ни эслайди. Бу саволни бошқа одамларга бериш керак, дейди Фирташ.

Ким манфаатдор эканлигини топинг

Фирташ ўзининг шахсий муаммоларида тўғридан тўғри ҳеч кимни айбламайди. Унинг айтишича, вақти келиб тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди.

Лекин ўзига нисбатан жиноий ишдан ким манфаатдорлиги ҳақида мулоҳаза юритар экан, гап яна ва яна собиқ бош вазир ва президентликка номзод Юлия Тимошенкога қараб кетаверади.

Юлия Тимошенко Фирташнинг ўзига қарата танқидларини “олигархлар томонидан ҳужум” деб атаган.

Ўзининг эски рақиби ҳақида гапирар экан, Дмитрий Фирташ ҳозирги инқирозда ўзининг ва Тимошенконинг мақсадлари бутунлай қарама-қарши эканлигини айтади.

“Мен тезроқ сайловлар ўтишини хоҳлайман. Мен ўшанда иқтисод ишлаши ва мамлакат ривожланишни бошлашини тушунаман,- дейди бизнеммен. Тимошенко президентлик сайловида ютмаслигини билади, шунинг учун сайловлар ўтмаслигидан манфаатдор”.

Фирташ фикрича, мамлакат шарқидаги беқарор вазият Тимошенко учун қўл келади, унинг партиядошлари Олександр Турчинов ва Арсений Яценюк ҳозирги ҳукуматни бошқариб турибди.

“Парламентда 100 депутат билан Тимошенко ҳукуматни деярли ўзиники қилиб олди, дейди у. Ва у президентлик сайловларида ғалаба қозонмаслигини ҳам яхши билади. Агар унинг рейтингига қаралса, унда ғалаба қозониш учун деярли имконият йўқ”.

“Сайловлар ўтказилмай қолиши эса, унга қўл келади. Унинг учун мамлакатда танглик сақланиб қолса, кейин фавқулодда вазият жорий этилади. Бундай ҳолатда сайловлар бекор бўлади. Ва шу тариқа у вақтдан ютмоқчи. Лекин унда мамлакатни бошқаришнинг тўлиқ имкони сақланиб қолади”.

Януковичнинг дўстлари ҳақида

Юлия Тимошенконинг матбуот хизматидагилар Фирташнинг сўзларини “олигархларнинг кутилган ҳужумлари” деб, у ҳеч бир асосга эга эмаслигини билдиришган.

“Биз баррикаданинг турли томонидамиз. Чунки мен аниқ биламан, Янукович ва Тимошенко даври аллақачон ўтди. Ва янги одамлар келиши керак”, деб айтади Фирташ.

Тимошенко ва унинг атрофидагилар Фирташ ва Януковичнинг яқинлигига ишора қилишади.

“Мен ҳақиқатдан Януковични дастаклаганман,-деб қўшилади бунга Фирташ. Мен уни 2010 йилдаги сайловда ютиб чиқишини хоҳлаганман ва чин дилдан ишонганманки, у 2003-2004 йиллардан сўнг ўзига хулоса чиқаради деб. Мен унда мамлакат ва дунёга ўзининг бошқача эканлигини кўрсатиш фикри бор деб ишонганман”.

"Лекин умидлар оқланмади ва 2011 йил биз бир-биримизни тушунишни тўхтатдик. Аён бўлишича, бизда турли мақсадлар ва мамлакатнинг ривожи бўйича турли қарашлар мавжуд экан".

Ҳозирги номзордлардан Фирташ Пётр Порошенкони қувватламоқда. Президентлик пойгасининг етакчиси яқинда Фирташ билан Венада учрашгани ҳақида хабарлар тарқалган.

“Мен ким билан мумкин бўлса, учрашишим мумкин, дейди Фирташ, шу билан бирга Порошенконинг ғояларини қувватлашини қайд этади.

“У менинг дўстим эмас, лекин менинг танловим шундай-Тимошенконинг ким эканлигини биз яхши биламиз, Порошенконинг кимлигини энди кўришимиз мумкин. Биз умидни сотиб оламиз”, дейди Фирташ.

Шу билан бирга, асосий вазифа ва муаммо сайловлар бўлиб ўтишидир, дейди тардбиркор.

Қрим учун 60 фоиз

Фирташнинг яна бир муаммоси бу Қримда.

Group DF нинг бизнеси, унинг айтишича, Қрим Ялпи ички маҳсулотининг 60 фоизини ташкил қилади.

Фирташнинг Қримдаги корхонаси ҳали ҳам Украина бюджетига солиқ тўлайди.

Ҳозирча ширкат одатий тартибда ишламоқда.

“Шуни таъкидлаш керак, бизга Россия Федерацияси тегинмаяпти. Бизга ҳеч ким келгани йўқ. Балки ҳали улгуришмагандир. Балки ҳоҳишлари йўқдир. Мен буни ҳали билмаймиан”, дейди Фирташ.