Славянскда ҳибсдаги кузатувчилар озод қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

25 апрелда Славянскдаги чегара постида россияпараст фаоллар томонидан ҳибсга олинган Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг 7 вакили, ҳамда бир нечта украиналик зобитлар озод қилинган.

Россияпараст жангчилар уларни НАТОга жосуслик қилишда айблаб ушлаб туришганди.

27 апрелда халқаро ЕХҲТ вакиллари бўлгинчилар раҳбари Вячеслав Пономарёв иштирокида журналистлар қаршисига чиқишган ва аҳволлари яхшилиги, лекин қачон озод этилишларини билмасликларини айтишган эди.

Ўша куни халқаро кузатувчиларнинг бири соғлиги ёмонлашгани туфайли қўйиб юборилган.

Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин Славянскдаги фаоллар билан музокара ўтказиш учун ўз вакили юборилганини айтди.

Славянскда воситачи вазифасини бажарган Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ вакил Владимир Лукин ҳибсга олинганлар озод этилганини маълум қилган.

“Менинг рўйхатимдаги 12 кишининг барчаси қўйиб юборилди”, деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳозирча бўлгинчилар қандай шарт эвазига ҳибсдагиларни озод этганлари маълум эмас.

Улар расмий Киев олдига Украинада ҳибсда сақланаётган фаоллари эвазига гаровдагиларни қўйиб юбориш талабини қўйишган эди.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Россиядан Славянскдаги бўлгинчиларга таъсир кўрсатиб, гаровдагиларни озод этишга чақирган.

Айни пайтда Украина шарқида тўқнашувлар давом этмоқда.

Крематорск

Жума куни Украиналик ҳарбийлар шарқий туманларда бир қанча блокпостларни қўлга олганлар. Бироқ шаҳар марказида кўплаб бинолар бўлгинчилар қўлида қолмоқда.

Муваққат Ички ишлар вазири Арсен Аваков Крематорскда ҳарбийлар бўлгинчилардан телеминора, хавфсизлик хизмати биноси, аэропортни қайтариб олганини хабар беради.

Ҳозирда шаҳар Украина кучлари назоратида экани айтилмоқда, бироқ маҳаллий аҳолига кўра, отишмалар эшитилиб турибди.

Россия нашрлари бўлгинчиларга иқтибосан ўнта тинч аҳоли ўлгани ва 30 киши яралангани ҳақида хабар тарқатган, бироқ бу расман тасдиқланмаган.

Одессадаги тўқнашувларда расмий маълумотларга қараганда, ҳар иккала томондан 46 киши ўлган, 100 дан ортиқ киши яраланган.

Украина фавқулодда вазиятлар хизмати билдиришича, Одессанинг ёнғин келиб чиққан касаба иттифоқи идорасида камида 30 киши жасади топилган.

Донецкдаги ишғол

3 май кечга яқин “Донецк халқ республикаси” тарафдорлари Украина Хавфсизлик Хизматининг вилоят бошқармасини босиб олганлар.

Одессада ҳалок бўлган россияпараст фаолларни хотирлаш маросимидан сўнг икки мингга яқин киши бинони ишғол қилишга келишган.

Гувоҳларнинг айтишича, одамлар бейсбол таёқлари, дубинка ва темир бўлаклари билан қуроланганлар ва “Оддесса рус шаҳри” деб қичқирганлар.

Бинони ҳеч ким қўриқламаётгани боис, оломон бир неча дақиқадан сўнг ичкарига бостириб кирган.

Одессада россияпараст айирмачилар ва Украина бирлиги тарафдорлари тўқнашувида ўнлаб инсон қурбон бўлгани сабабли шанбада уч кунлик мотам эълон қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ