Яценюк Одессадаги зўравонликларда хавфсизлик кучларини айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина бош вазирига кўра, зўравонликлар россияпараст бўлгинчиларнинг гиж-гижлашидан сўнг юз берган

Украина Бош вазири жанубий Одесса шаҳрида 40 дан ортиқ инсоннинг ўлимига олиб келган зўравонликларни тўхтатиб қолмагани учун мамлакат хавфсизлик кучларини айблаган.

Жаноб Яценюк Би-би-си билан суҳбатда зўравонликлар юзасидан "ҳар томонлама ва мустақил текширув" ўтказилишини айтган.

Айни пайтда у Одессадаги фожиа россияпараст бўлгинчиларнинг гиж-гижлаши оқибатида содир бўлганини таъкидлаган.

Жаноб Яценюкнинг сўзларига кўра, бўлгинчилар Украинанинг мустақиллигини йўқ қилиш учун "ҳаққоний уруш" олиб бормоқда.

Одессадаги касаба уюшмаси биносидаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг аксарияти россияпараст бўлгинчилар бўлган.

Аксарият ҳокимият бинолари ҳануз россияпараст бўлгинчилар назорати остида қолаётган мамлакат шарқидаги вазият билан боғлиқ саволга жавоб бераркан, Яценюк ҳали "назоратни буткул қўлдан бой бермаганликлари"ни айтган.

Унга кўра, "кўп нарса маҳаллий аҳоли, уларнинг тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлашига боғлиқ".

Украина кучлари Донецк вилоятининг бўлгинчилик марказига айланган Славянск шаҳрини қуршаб олган.

Би-би-си мухбири Сара Рейнсфорднинг хабар беришича, ҳукумат қўшинлари Донецк шаҳри атрофидаги кичик шаҳарлар яқинида тўпланмоқда.

Славянскдаги аҳоли вакиллари украин ҳарбийлари шаҳарни забт этишини кутаётганликларини айтишган.

Шанба куни Краматорск шаҳри атрофида жанглар юз берган.

Украина ички ишлар вазирлигининг билдиришича, армия Краматорскдаги телеминорани бўлгинчилардан қайтариб олган.

Киев расмийлари икки кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлашган, аммо Россия давлат телевидениеси қурбонлар сони 10 киши эканини айтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.