Славянск шаҳрига кириш йўлларида жанглар қайта авж олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина жануби-шарқидан олинаётган хабарларга кўра, Славянск шаҳрига кириш йўлларида жанглар қайта авж олган.

Интерфакс-Украина ва Би-би-сининг Украин хизмати мухбири шаҳар марказида яқин мавзеда отишма юз бераётганини хабар қилди.

Хабарларга кўра, украин қўшинлари маҳаллий телевизион минорани эгаллаб олишган ва украин телевизион каналлари узатилишини қайта тиклаганлар.

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Россияпараст жангарилар Славянскда миномётлардан фойдаланишаётганини айтди, украин қўшинлари орасида талафотлар ва жароҳат олганлар бор. Охирги маълумотларга биноан, тўрт ҳарбий ҳалок бўлган, 30 нафари жароҳатланган.

Айтилишича, нафақат украин қўшинлари, балки ўзини мудофаа кучлари деб атаётган россияпараст бўлгинчилар орасида ҳам қурбонлар ва жароҳатланганлар бор.

Славянскдаги маҳаллий жангчилар ҳалок бўлганлар 10 та, яраланганлар 20 дан ошганини билдирган.

Кеча, якшанба куни украина ҳарбий қисмлари шаҳарга кирадиган асосий йўлни тўсиб қўйишди ва бу билан Славянскда жойлашган бўлгинчилар сафининг кенгайишини бартараф қилишга уриндилар.

Украинанинг еттита БТР ҳарбий машинаси Славянск ва Донецк ўртасидаги автомагистрал йўлни тўсиб қўйган.

Би-би-сига гапирган мустақил журналист Харриет Салемнинг айтишича, Славянскнинг маҳаллий аҳолиси россияпараст бўлгинчиларни тўлалигича қўллаб қувватлашаяпти ва украин армиясининг штурмидан жуда хавотирга тушганлар.

Ундан ташқари Славянскнинг 160 минг кишилик аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислигини сеза бошлаганлар.

Қўшни Константиновка шаҳридан хабар узатаётган Би-би-си мухбири Сара Рейнсфорд ҳам маҳаллий аҳоли орасидаги кайфиятни тасдиқлади. Унга кўра, аҳоли Одессада бир неча ўнлаб россияпараст намойишчилар ҳалок бўлганидан ўта норози ва қўрқиб қолишган, улар Одессадаги талафотларни "кечириб бўлмас" дея қоралашмоқда.

Бу ҳудудлар асосан русийзабон аҳоли жойлашган ҳудудлар бўлсада, мухбиримизга кўра, онда сонда Украианинг ҳудудий яхлитлигини истаётган одамларни учратиш мумкин, баъзилар деразаларига Украина байроқларини осиб қўйишган, баъзи устунлар эса украина байроғининг сариқ ва кўк ранглари билан бўялган.

Лекин, аксарият Киевга қарши, улар Киевдаги ҳукуматнинг бўлгинчилар билан жанг қилиш учун ўз армиясини сафарбар қилганидан ғазабланганлар.

Масалан, Константиновка шаҳридаги бўлгинчиларнинг қароргоҳига айлантирилган милиция бўлими олдида эркаклар Молотов коктейлларини тайёрлашмоқда, маҳаллий халқ эса уларга озиқ-овқатларга тўла пакетларни олиб келишмоқда. У ерга йиғилган ёш йигитлар тўдалари уларга шаҳарни ҳимоя қилишлари учун қурол берилишини талаб қилишмоқда.

Қўшни Краматорскда ҳам россияпараст фаоллар шаҳар кенгаши биносини эгаллаб олганлар ва унинг атрофидаги йўлларни ёниб кетган автобуслар ва такси маршруткалари қолдиқлари билан тўсиб қўйганлар.

Лекин, шунга қарамай, украина ҳукумати барибир ўз ҳарбий амалиётларини давом эттиришга бел боғлаган.

Украина бош вазири Арсений Яценюк кеча, якшанба куни, мамлакат шарқидаги ўз таъбирида "аксил террор" амалиётини давом эттиришини айтди. У яна бир бор Россияни босқичма босқич "Украина ва унинг давлатчилигини йўқ қилиш"да айблади. Яценюк расмий Киев мамлакат шарқи устидан назоратни бой берганини рад қилди, унинг айтишича, кўп нарса маҳаллий халқнинг нимани қўллаб қувватлашига боғлиқ - улар ё тинчлик ва барқарорликни танлайдилар ёки Россия ҳомийлик қилаётган бўлгинчиларни.

Россия айни дамда Украина чегарасида 40 минг аскарини жанговор ҳолатда ушлаб турибди.

Россия бугун яна бир бор Украина шарқидаги нотинчликлар жиловланмаса, у бутун Оврўпо бўйлаб тинчликни хавф остига қўйишини айтиб огоҳлантирди.

Москва халқаро ҳамжамият ва Украинанинг ўз таъбирида "ирқчилик, ксенофобия, этник тоқатсизлик ва нацистларни шарафлаш" уринишларига қарши чораларни кучайтиришга ундади.