Мустафо Жамилев Оврўпо маҳкамасига мурожаат этмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қувғиндаги қрим татарлари раҳбари Қримга киришига қўйилган тақиқ юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасига шикоят аризаси билан чиқмоқчи.

3 май куни Қримнинг янги раҳбарияти унинг ярим оролга киришига изн беришмаганди.

Бўлга расмийлари бунинг сабабини, “Мустафо Жамилев минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш учун бу ерга келгани” билан изоҳлашганди.

Қримдан чиқиб кетаркан, апрел ойи охирларида эса, номаълум шахслар унга 2019 йилга қадар Россияга кириши тақиқланганига оид ҳужжатни ҳам тутқазишганди.

Мустафо Жамилевнинг таъкидлашича, “ўзини Қрим раҳбарлари деб атаётган шахсларнинг бу қабила хатти-ҳаракатлари қонунга зиддир”.

Ўз ўрнида, қрим татарлари раҳбарининг судда ютиб чиқишига ишончи комил.

Унинг айтишича, “Россия юрисдикциясини ҳеч ким тан олмаган ва тан олиш нияти ҳам йўқ”.

Мустафо Жамилевнинг “Слон” интернет нашрига берган суҳбатида айтишича, россиялик расмийлардан бирортаси ўзининг нега Қримга киритилмаётгани сабабини тузук-қуруқ изоҳлаб бермаган.

Унга кўра, барибир, “вақти вақти билан Қрим чегарасига келиб, ўз уйига ўтишга ҳаракат қилаверади”.

Зўравонлик билан

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қримдаги вазиятни баҳоларкан, “Биз худди Шўролар Иттифоқи даврига қайтгандек бўлдик. Яна энг ёмон даврлардагисига”, - деб айтган Мустафо Жамилев.

Унинг айтишича, Қримдаги мавжуд ҳолат ва у ердаги расмийларнинг хатти-ҳаракатлари татар аҳолисининг норозилигига сабаб бўлмай қолмайди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, биргина Мустафо Жамилев эмас, Қрим татарлари Мажлисининг амалдаги раиси Рефат Чубаров ҳам худди шундай фикрда.

Жаноб Чубаровнинг “Зеркало недели” номли украин нашрига айтишича, қрим татарлари бундан кейин ҳам тинч йўллар билан ўз ҳуқуқларини талаб қилишда давом этишади.

Қрим янги раҳбариятининг баён қилишича эса, маҳаллий аҳолининг барча ҳуқуқлари кафолатланади.

Бироқ Рефат Чубаров бу борада умуман бошқача фикрда: Унга кўра, бўлганинг янги соҳиблари татарларга фақат “куч тили”да муносабатда бўлишни мақсад қилишган.

Жаноб Чубаровнинг таъкидлашича, “қрим татарлар билан ҳамоҳангликда ҳаёт кечиришнинг йўлларини топиш жараёнига “фақат куч қўллаш”га ҳозир бўлган “бутунбошли қирғийлар галаси” аралашган.

Аввалроқ у қрим татарлари депортациясининг 70 йиллиги арафасида ўзининг ҳам қўлга олиниши ва ҳибсда сақлашлари эҳтимолини назардан соқит этмаганди.

1944 йилда собиқ Шўролар Иттифоқининг марҳум раҳбари Иосиф Сталин татарлар билан бир қаторда Қримдаги бошқа халқ вакилларини ҳам олмон нацистлари билан ёппасига ҳамкорлик қилишда айблаб, бўлгадан бадарға қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ