Саудиялик блоггер "Исломни ҳақорат қилган"и учун 10 йилга қамалди

Саудия Арабистони маҳкамаси блоггер Раиф Бадавий либерал интернет форум тузгани ва Исломни ҳақорат қилишга журъат этгани учун уни ўн йилга озодликдан маҳрум этди.

Бадавий бундан ташқари минг дарра урилади ва 1 миллион риал(266 минг доллар) жарима тўлашга мажбур.

Раиф Бадавий ўзининг интернет блогида подшоҳликнинг уламолари ва ва диний полиция ишини танқид қилган, 2012 йил ҳибсга олинган эди.

Amnesty International халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Бадавийга чиқарилган ҳукм ўта шафқатсизлигини айтиб, уни бекор қилишни сўраган.

Ҳукуматга яқин рўзномага кўра, Бадавий ўзига нисбатан енгилроқ жазо - етти йил уч ой қамоқ ва 600 дарра олиш имкониятини ютолмаган.

Бадавий олдинроқ 7 май "Саудияда либераллар куни" бўлишига чақириб, мақолалар ёзган. Ўшандан буён унинг вебсайти ёпиб қўйилган.

Amnesty International Бадавийни "виждон тутқуни деб атаган ва ҳукуматдан уни озод қилишга чақиради.

"Рауф Бадавий Суадия Арабистонида тинч фаолларнинг овозини ўчириш шафқатсиз кампанияси охирги қурбонларидан", дейилади Amnesty International баёнотида.

Ўтган йил октябр ойида Исломга қарши ҳақоратли твитлари учун бир ярим йилга қамалган саудиялик журналист озодликка чиқарилган.

Ҳамза Қошғарий 2012 йил босимлар ортидан Саудиядан Малайзияга қочган, бироқ бир неча кундан сўнг Саудияга топширилган эди. У жамоатчиликдан кечирим сўраганидан кейин озод қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ