Таҳлил: Бу йил Толибоннинг қўлидан нима келади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хорижий иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор ечим топмай ортга оммавий сафарбарликни бошлаган ва уларнинг бундан кейин Афғонистонда қолиш-қолмасликлари мавҳум бўлган бир вазиятда Толибон баҳорги амалиётини бошлаши билан огоҳлантирди. Буёғи нима бўлади?:

Туркиядан Толибон масалалари бўйича мутахассис Фазил Аҳмад Бургутнинг айтишича, агар, сафлари тарқоқ экани ишонилган ҳаракат мавжуд вазиятдан фойдаланиб, афғон ҳукуматига қарши фикрий жиҳатдан бирлашса, жуда жиддий муаммоларни пайдо қила олади. Ўзининг ҳалокатли худкушлик ҳужумларига ҳам зўр беради.

Таҳлилчининг бу каби баҳоси эса, ҳам Афғонистон, ҳам минтақа давлатлари ва ҳам Ғарбнинг Толибон билан муросага бориш уринишлари умуман самара бермаган бир вазиятда янграмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, йилларки, бирор бир хорижий аскар афғон тупроғида экан, тинчлик музокараларига бормаслигини таъкидлаб келади.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, Афғонистон бугун тўрт юз мингдан ортиқ хавфсизлик кучлари эга.

Аммо уларнинг марказий ҳукуматга садоқати, замонавий қурол-аслаҳалар билан қанчалик таъминлангани ва сафларида чуқур илдиз отган порахўрлик ҳоллари жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келаётгани ҳам бор гап.

Худди шу вазиятни назарда тутаркан, таҳлилчи суҳбатдошимиз Толибон хавфи қаршисида афғон хавфсизлик кучларига буткул орқа қилиб бўлмаслигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Унга кўра, хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этаётган бир манзарада қудратга келаётган янги афғон ҳукумати қаршисида бир йўл қолади: У ҳам бўлса, Толибоннинг ўзларига дўст ёки душман эканини қатъий белгилаб олиш.

"Бахтга қарши, Афғонистонда Толибонга ҳануз аниқ таъриф берилган эмас. Ҳатто, марказий ҳукумат, марказий ҳукуматга яқин бўлган номзодларни ҳам кўрдик, уларнинг ҳеч бири толибларга "террорчи ҳаракат", сифатида қарагани йўқ. Шунинг ўзи Афғонистонда Толибон масаласида бир миллий якдиллик йўқлигини кўрсатади", - дейди таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургут.

Унинг таъкидлашича, агар, вазият шу тариқа давом этадиган бўлса, Толибон жуда жиддий таҳдид бўлиб қолаверади.

"Қудратга келажак янги ҳукумат Толибоннинг ўзларига дўст ёки душман эканини аниқ белгилаб олиши керак. Шундай қилган тақдирдагина, ҳаракатга қарши мақбул бир стратегия ёки дастур ишлаб чиқиш мумкин, акс ҳолда бунинг иложи йўқ", - дейди суҳбатдошимиз.

Оммавий сафарбарлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра ҳам, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистоннинг қайтаттан қайноқ нуқтага айланиш эҳтимоли жуда кучаяди.

Худди шу манзарада расмий Вашингтоннинг жиддий огоҳлантиришича, агар икки ўртада муҳим хавфсизлик битими имзоланмаса, афғон тупроғида келаси йилгача бирор бир ҳарбийси қолмайди.

Яқинда Кобулга сафар қилган АҚШ Қуролли Кучлари Бош қўмондони ҳам мамлакати шу йил охиригача Афғонистонни буткул тарк этиш дохил бошқа танловларни кўриб чиқиш нуқтасига етганини баён қилганди.

Аммо амалдаги афғон президенти Ҳомид Карзай бу ишни бўлажак ҳамкасбининг зиммасига юклаганча, унинг имзосини ҳануз ортга суриб келмоқда.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, имзоланган тақдирда, мазкур битим бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирликларига расман изн беради.

15 мингтагача чет эл аскари ва қатор ҳарбий базаларининг афғон тупроғида қолишига замин яратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, АҚШ томонининг сўнгги огоҳлантириши афғон можароси ҳануз бирор бир ечимини топмаган ва Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида Толибон дохил бошқа экстремистик гуруҳлар қайта фаоллашаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, расмий Вашингтон ва расмий Кобул ўртасида хавфсизлик битимининг имзоланмаслиги Афғонистонга берилиши кўзда тутилган йирик миқдордаги йиллик халқаро молиявий ёрдамларнинг ҳам кесилишини англатади.

Ўтган 13 йил давомида берилган миллиардлаб доллар кўмакларга қарамай эса, Афғонистон ҳануз дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади ва уларнинг кесилиши мамлакат иқтисодининг буткул таназзулини англатади.

Минтақавий таҳлилчилар барчасининг бирдек эътироф этишларича, воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистонда исёнчиликнинг барқ уришига замин яратади.

Ўзбекистон ва афғон можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган йил хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарликлари ортидан, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши хавфидан огоҳлантирганди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда террорчилик, гиёҳванд моддалар, диний ва этник зиддиятларнинг кучайишидан ҳам ўз хавотирларини изҳор этганди.

Ўзбекистон томони 2014 йилдан Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиши ҳақидаги ташвишларини юқори минбарлардан ҳам ошкора изҳор этиб келган, аммо давлат раҳбари илк бор фуқаролар уруши хавфи билан огоҳлантирганди.

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига бир неча бор тўхталиб ўтган президент Каримов, ҳатто, энг қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаганди.

Ўзбекистон раҳбари, ўз ўрнида, айнан афғон можаросида мамлакати ҳеч кимнинг тарафида бўлмаслиги ва ўзининг ақли билан иш юритишини ҳам баён қилиб ўтганди.

Ўзбекистон томонига кўра, қўшни Афғонистон билан муносабатларини ўзаро миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда икки томонлама асосда қуради.

Расмий Тошкентнинг наздида, Афғонистон муаммосига ҳарбий йўл билан барҳам бериб бўлмаслиги йил сайин аёнлашиб бораркан, унга муқобил ечим топиш масаласи ҳозирги кунда катта аҳамият касб этган.

Уларнинг баён қилишларича, бунинг учун Афғонистондаги хавфсизликдан манфаатдор томонларнинг сиёсий музокараларидан ташқари, ўзларига бевосита қўшни бу давлатга иқтисодий, инсонпарварлик ва ижтимоий жиҳатдан кўмак бериш, қашшоқликка қарши курашишга катта эътибор бериш лозим.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, 1999 йили Афғонистон масаласи бўйича президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган 6+2 мулоқот гуруҳи фаолияти икки йилдан узоқроққа чўзилмаганди.

Ўзбекистон 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Ҳозир эса, қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат бўлиб қолиши кутилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон орқали Нато юкларини олиб чиқиш бошлангани хабар берилган, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий жиҳозларининг маълум қисмини Ўзбекистонга қолдириши ҳам айтилганди.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида Покистон ва Афғонистоннинг муайян минтақаларида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Шу боис ҳам, таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, толиблар ҳам, уларнинг иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ўзбекистон учун безовталик омили сифатида сақланиб қолаверади.

Аммо айрим ғарблик таҳлилчилар президент Каримовни сиёсий репрессияларни оқлаш учун Афғонистондан келаётган хавфни бўрттириб кўрсатишда айблашлари ҳам бор гап.

Бу мавзуда батафсилроқ