Украина: Мариуполда тўқнашувлар келиб чиққан

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украинадан келаётган хабарларга кўра, мамлакат шарқидаги Мариупол Ички ишлар бошқармаси биноси учун жанглар кетмоқда.

Ҳукумат кучлари Киев буйруғига бўйсунмаган милиционерлар ва россияпараст бўлгинчилар кириб олган бинони ўраб олган.

Хабарларга кўра, 30 кишидан иборат қуроллилар ички ишлар бошқармаси биносининг икки қаватини эгаллаб туришибди. Улар автомат ва гранаталар билан қуролланган.

Гувоҳларнинг билдиришича, бино олдига БТР ва ҳарбийлар олиб келинган.

Ўнлаб кишилар яралангани айтилмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, бўлгинчилар орасидан қурбонлар бор.

Украина Радаси депутати Ляшконинг Фейсбукда ёзишича, бўлгинчиларга милиционерлар ёрдам бермоқда.

Айни пайтда Ғалаба байрами муносабати билан намойишга чиққан мингдан ортиқ киши Ички ишлар бошқармаси томонидан юрганлар.

Бундан олдин Ички ишлар вазири Арсен Аваков армия Мариополни тўлиқ назоратга олганини айтганди.

"Донецк халқ республикаси" етакчилари ҳукуматни нотаниш кимёвий қурол ишлатганликда айблаган.

Уларнинг айтишича, шаҳар кенгаши биноси ишғолида кўп фаолларнинг нафас йўллари жароҳатлангани кузатилган.

Арсений Яценюк 9 майда фуқароларни иложи борича уйда ўтириб байрам қилиш, бузғунчиларга имкон бермасликка чақирган.

Ҳозир шаҳарда транспорт ҳаракати тўхтатилган. Донбассда аксилтеррор амалиётлар кучайтирилгани айтилмоқда.

Якшанба куни Донбассда Ғарб ва Киев ҳукумати тан олмаётган минтақа мавқеи тўғрисида референдум ўтказилиши режалаштирилган

Охирги кунларда Мариуполда бўлгинчилар ва Украина ҳарбийлари ўртасида жанглар шаҳар кенгаши биносида кечган. Пайшанба куни ҳарбийлар бинони назоратга олганлари айтилганди.

Бироқ бўлгинчилар яна бинога қайтиб киришга муваффақ бўлишган.