Путин илк бор Қримга ташриф буюрди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қизил майдонда Ғалаба куни муносабати билан қилган чиқишида на Украина ва на Ғарбнинг санкциялари юзасидан ошкора баёнот қилган Россия президенти қўшиб олиниши ортидан, илк бор Қримга ташриф буюриб, байрам тантаналарини энди у ерда давом эттирмоқда.

Владимир Путин ҳозир Севастополда ташкиллаштирилган тантаналарда иштирок этаётир.

Россия раҳбарининг Қримга сафари Украина шарқида вазият кун сайин таранглашиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

У ердан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳукумат кучлари ва бўлгинчилар орасида кузатилган янги тўқнашувларда бир неча киши қурбон бўлган.

Президент Путин Москвадаги анъанавий ҳарбий парад ортиданоқ Қримга йўл олган эди.

Севастополдаги тантаналарда Қора Денгиз Флоти ва Россия Ҳаво кучларининг ўз қудратларини намойиш этишлари кутилмоқда.

Москвадаги чиқишида эса, Россия президенти ватанпарварлик мавзусига алоҳида тўхталиб ўтган.

"Бу - ватанпарварликнинг ҳамма нарсани енгувчи кучи тантана қилинадиган, барчамиз Ватанга содиқлик ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг қанчалар муҳимлигини янада чуқурроқ англайдиган бир байрам", - деган жаноб Путин.

Қримдаги ҳозирликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украинада бўлган мухбиримизга кўра, Россия президентини Бельбекдаги ҳарбий аэродромда қарши олинган.

Жаноб Путиннинг сафарига ҳозирлик кўриш мақсадида кеча пайшанба куни Қримга Россия ҳудудидан қирққа яқин самолёт ва ҳарбий вертолётлар ташланган.

Уларнинг барчаси Қора Денгиз Флотига қарашли ва Украинадаги россиялик ҳарбийлар томонидан босиб олинган аэродромларда шай аҳволда экани айтилади.

Ўтган бир неча кун ичида эса, россиялик учувчилар Қрим осмони ва Қора Денгиз узра ўз ҳарбий салоҳиятларини ҳам кўз-кўз қилишганди.

Қўмондонликнинг расмий баёнотида буларнинг барчаси Ғалаба куни тантаналарига тайёргарлик экани билдирилганди.

Айтилишича, бу самолётлар аввалига Москвадаги ҳарбий парадда иштирок этишади ва сўнгра Қримга қайтишади.

Россия Президентининг Ғалаба куни баҳона Қримга режаланган сафари расмий Киевнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Янги украин ҳукуматининг баён қилишича, буни хорижий бир давлат раҳбарининг ўз ҳудудларига ташрифи сифатида қабул қилишади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк эса, "5 канал"га берган суҳбатида Россия президентининг сафари "иғвогарлик мақсадида қилинаётгани"ни айтган.

Муваққат Бош вазир мамлакати ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, 9 май куни хавфсизлик чораларини янада кучайтиришга чақирган.