Оврўнигоҳ: қўшиқ танловига сиёсатнинг таъсири бу гал қандай бўлади?

Бугун Дания пойтахти Копенгагенда "Оврўнигоҳ-59" қўшиқ танловининг охирги босқичи ўтказилади.

"Оврўнигоҳ-59" қўшиқ танлови Украинадаги воқеалар барчанинг диққат марказида бўлиб турган пайтга тўғри келгани боис бугунги финалда Россия ва Украина вакилларига муносабат қандай бўлиши ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда қўшиқ мухлислари ва воқелар ривожига кўпроқ ишқибозлик қилаётганлар ўртасида баҳслар авжида.

Финал босқичини қуръа натижаларига кўра, украиналик қўшиқчи Мария Яремчук Tick-Tock қўшиғи билан бошлаб беради.

Россияни опа-ука Толмачёвлар "Shine" деб номланган қўшиқ билан 15 рақам остида намоён этишади.

Бу йилги танловда ғолибликка асосий даъвогарлар сифатида Швеция, Ҳолланд ва Австрия қўшиқчилари башорат қилинмоқда.

"Оврўнигоҳ" танловида "қўшничилик овозлари" устунлик қилиши тез-тез танқид қилинади. Томошабинлар нафақат ижрочиларни баҳолашади, балки сиёсий ва тарихий ёқиш ҳисси бўлган давлатларга овоз беришади.

Ўтган сешанба куни бошланган "Оврўнигоҳ"да Россия номидан чиққан эгизак Толмачёвалар овоз натижаларидан кейин финалга чиққач, залда норози қичқириқлар ва ҳушмак овозлари янграган.

Таҳлилчилар фикрича, бу сафар Россия Украина инқирози сабаб кўп овоз ололмаслиги мумкин. Айни пайтда украиналик қўшиқчи ҳозирги воқеалар манзарасида томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлиши, олқишланиши кутилади.

"Оврўнигоҳ" илк бор 1956 йилда ўтказилган.

Бугунги финалда икки ярим финал босқичида сараланган 20 қўшиқчидан ташқари мезбон давлат Дания, ҳамда танлов асосчилари бўлган "бешлик"- Британия, Олмония, Испания, Италия ва Франция вакиллари қатнашишади.

Австриялик транссексуал хонанда Кончита Вурстнинг чиқиши ҳам олқиш ҳам ғазабнок фикрларга сабаб бўлмоқда.

Россия, Белорус ва Украинлик фаоллар ҳатто 25 ёшли ижрочини танловдан чиқариб ташлашни таклиф қилганлар. Австрия эркинлик партияси Вурстни "масхарабоз" деб атаган.

Танловда фақат жонли ва янги қўшиқ ижро этилиши, шунингдек иштирокчининг ёши 16 дан кичик бўлмаслиги асосий талаблардандир.

Шунингдек қўшиқ матни сиёсий ва ташвиқот кўринишида бўлмаслиги, қўшиқ сўзларида хақорат, уят сўзлар ишлатилмаслиги лозим.

Аммо шунга қарамасдан, танлов доимо сиёсий вазият билан боғлиқ бўлиб келган. Бу йил ҳам бундан истисно эмаслиги кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ