Саудия Арабистони ҳожилар учун халқаро Тоиф аэропортини қурмоқчи

Саудия Арабистонидаги Дхаран халқаро аэропорти кўриниши

Саудия Арабистони расмийлари Тоиф шаҳридаги ҳаво қўналғасини халқаро аэропортга айлантириш мақсадида тендер эълон қилишлари ҳақида хабар тарқатганлар.

Тоиф шаҳри бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас Макка шаҳридан 87 километр шарқда жойлашган.

Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умро зиёратларини адэо этиш учун борадиган зиёратчиларнинг аксари Жидда шаҳрига ёки Мадина шаҳри аэропортига парвоз қиладилар.

Жидда шаҳри билан Маккаи Мукаррама орасидаги масофа 80 километрчани ташкил қилади.

Айни пайтда Тоиф аэропорти Саудия Арабистони ички парвозлари учун хизмат қилади.

Саудия Арабистони Фуқаровий авиацияси Бош маъмурияти маълум қилишича, Тоиф халқаро аэропорти қурилишини 2015 йил ўрталарида бошлашни режаламоқда.

Унгача Жаҳон Банкининг Халқаро Молия Корпорацияси билан ҳамкорликда аэропорт қурилиши билан шуғулланадиган ширкат танлови ўтказилади.

Шундан сўнг Тоиф халқаро аэропортига Ҳаж ва Умра зиёратларига борадиган зирёатчилар ўз мамлакатларидан парвоз қила оладилар.

Ҳар йили Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратига 2 миллион атрофида мусулмон боради.

Йил давомидаги жами зиёратчилар сони 10 миллион кишидан ортади.

Айни пайтда Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Саудия Арабистонида охирги йилларда тарқалаётган Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавируси деб ном берилган янги хасталик билан боғлиқ вазиятни фавқулодда мажлисда муҳокама қилган.

2014 йилнинг 9 майигача бўлган ҳолатда бу хасталик 126 инсон умрига зомин бўлгани аниқланган.

2013 йилдан буён жами 496 инсон Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавирусини юқтиргани аниқланган, шундан 473 ҳолат Саудия Арабистонида юқтирилгани хабар қилинган.

Бу йилги Ҳаж зиёрати октябр ойига тўғри келади, сўнгги йиғилишида Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти мусулмонларга Саудия Арабистонига сафар қилишларини чекламаслигини эълон қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ