Урумчи портлаши гумонланувчисининг 100 дан ортиқ қариндоши ҳибс қилинган

АҚШда жойлашган "Эркин Осиё Радиоси"нинг маҳаллий аҳоли ва Хитой расмийларига таяниб хабар қилишича, Урумчи темир йўл вокзалида пичиқ ҳужуми ва портлашни содир қилган деб кўрилаётган шахснинг 100 дан зиёд қариндоши ҳибсга олинган.

Хитой давлат матбуоти хабар қилишича, 30 апрел куни Урумчи станциясидаги ҳужумни "диний экстремизм ўтмиши" бўлган икки шахс содир этган.

Хитой расмийларига кўра, пичоқ ҳужуми ва худкушлик портлаши оқибатида бир йўловчи, икки ҳужумчи ҳалок бўлган.

79 инсон жароҳатлангани хабар қилинган.

Хитой расмийлари ҳужумчилардан бири деб Шинжон Уйғуристонининг Оқсув вилоятидан бўлган Садриддин Совут деб гумон қилмоқдалар.

Гумондаги Уйғур миллатига мансуб шахснинг 39 ёшда экани, унинг икки фарзанди бўлгани айтилган.

Оқсув вилоятининг Гулбоғ деб аталган жойида Садриддин Совутнинг 100 дан ортиқ қариндоши, эркаклар ва уларнинг хотинлари ҳибсга олинган.

Хитой полициясига кўра, яқинларининг орасида "фикри Садриддин Совутникига ўхшаган, яъни келажакда террорчилик ҳужумини содир этиши мумкин бўлган" одамларни қидириб топиш мақсадида ушбу ҳибслар амалга оширилган.

Қўлга олинганларнинг аксари хотин-қизлар ва болалар экани хабар қилинган.

Хитой расмийлари Садриддин Совутни "диний экстремизм ўтмиши" бўлган деб эълон қилган эса-да, "Эркин Осиё Радиоси"нинг мухбири Гулбоғ полицияси билан боғланиб, унинг жиноий тарихи ҳақида сўраганида, полиция вакили Садриддин Совут бирор бир жиноят билан полиция ҳужжатларида қайд этилмаганини айтган.

Губоғлик маҳаллий одамлар эса жуда яхши хулқ-атворли инсон бўлган Садриддин Совут Урумчи ҳужумини содир этгани ҳақидаги хабарни эшитиб ҳайрон қолганликларини айтишган.

Полиция ва гулбоғликларга кўра, Садриддин Совут оиласи билан бирга 2012 йилгача шу ерда яшаган ва деҳқончилик қилиб кун кўрган.

Туғилган жойидан кетиб қолишига полициянинг сўроққа чақиргани сабаб бўлган, деб кўрилмоқда.

Маълум бўлишича, Садриддин Совут ўзига тегишли бўлган уйни ижарага берган.

Ижарадаги киши ҳақида Садриддин Совутни полиция бир кеча-кундуз сўроқ қилган.

Шундан кейин Садриддин Совут оиласини олиб бу ердан кетиб қолган, уни билган кишилардан бири айтишича, "кетмасам энди мени тинч қўйишмайди", деб айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ