Украин исёнчилари: референдумда ғалаба қозондик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина шарқидаги бўлгинчилар “мустақил бошқарув” учун ўтказилган референдумда Донецк вилоятидан тахминан 90 % одам ижобий жавоб берганини таъкидлашмоқда.

Луганск вилоятида эса натижалар кун давомида эълон қилиниши айтилмоқда. Кузатувчилар ушбу бўлгада ҳам натижалар расман 90 офиздан кам қилиб кўрсатилмаслигини тахмин қилишмоқда.

Бўлгинчилар референдум деб атаган нарсани на расмий Киев ва Ғарб тан олмаслигини билдирган.

Сайлов участкаларида бўлган Би-би-си мухбирлари тартибсиз манзараларга гувоҳ бўлганини айтишди. Овоз бериш кабиналари йўқ ва овоз берувчиларни рўйхатга олиш ташкил қилинмаган.

Бўлгинчиларнинг даъво қилишича, Киевга хайрихоҳ қуролли кишилар томонидан Красноармийск шаҳрида икки одам ўлдирилган.

Би-би-сининг Донецкдаги мухбири Ричард Гэлпин бошқа ҳолларда овоз беришлар тинч ўтганини билдирди.

Икки вилоятдаги бир неча туманлар референдумда овоз беришдан бош тортган.

Референдумлар Россия президенти Владимир Путиннинг бундан сал олдинроқ мулоқотга зарур бўлган шароитлар ҳосил бўлгунча овоз беришларни кечиктириб туриш чақириғига қарамасдан бўлиб ўтган.

Овоз беришлар якунлаганидан сўнг расмий Кремл ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.

Бўлгинчиларнинг Донецкдаги раҳбари Денис Пушлин Россия ахборот агентлигига, натижалар тасдиқланганидан сўнг, минтақадаги Украинанинг барча аскарлари “ишғолчи кучлар” дея баҳоланишини маълум қилган.

Референдумни танқид қилган Украина ташқи ишлар вазири уни Россия тоимонидан ташкиллаштирилган, мажбурланган ва молиялаштирилганини айтган.

Референдум ташкилотчилари май ойи охирида сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишларини билдиришган. Унда Россияга қўшилиш саволи берилади.

Улар 25 майга мўлжалланган Украина президентлик сайловларини бойкот қилишларини ҳам айтишган.

Pew тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровга кўра, Украина шарқидаги аҳолининг 70 фоизи мамлакатдаги бошқарувдан хавотирда бўлишига қарамай, Украина яхлитлигини сақланиб қолишини истайди.

Ўтган ой Россия референдум ортидан Қрим мухтор республикасини ўзига қўшиб олди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer