"Украина инқирози тинч йўл билан ечилиши керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бугун, 13 майда Олмония ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Украина инқирозини ҳал қилиш ва бунинг учун ЕҲҲТ таклиф қилган "йўл харитаси"ни қувватлаш мақсадида Киевга борган.

ЕҲҲТ нинг "йўл харитаси" режаси тўрт қисмдан иборат бўлиб, томонларнинг зўравонликлардан тийилиши, қуролсизланиш, миллий мулоқот ва сайловлардан иборат.

Жаноб Штейнмайер расмий Киев билан Украина шарқидаги инқирозни тинч йўл билан ечиш масаласини муҳокама қилмоқчи.

Мухбирларнинг ушбу музокараларда Украинанинг русийзабон минтақаси вакиллари қатнашадими?- деган саволига "Албатта, шарқ ва ғарб вакиллари иштирокисиз мулоқот ўтказишдан маъно йўқ", деб жавоб берган Олмония расмийси.

Жаноб Штейнмайер референдум ўтказиб, ўз мустақиллигини эълон қилган шарқий вилоятларга ҳам бориши кутилади.

Киевда вақтинчалик бош вазир Арсений Яценюк билан музокаралардан сўнг чиқиш қилган Штайнмайер Киев ҳукуматининг россияпараст бўлгинчилар билан мулоқоти муҳимлигини таъкидлаган.

"Биз сизнинг миллий ва минтақалар даражасида музокаралар бошлаш ташаббусингизни қувватлаймиз", деган у ва 25 майдаги президентлик сайловлари бу жараёнда "ҳал қилувчи рол ўйнаши"ни қайд этган.

Арсений Яценюк ҳам Украина шарқидаги минтақалар билан мулоқотга тайёр эканликларини айтган, бироқ тафсилотларга тўхталмаган.

Бундан олдин ЕҲҲТ нинг амалдаги раиси, Швейцария президенти Дидье Буркхальтер юқорида айтилган "йўл харитаси"ни Женева келишуви аъзолари билан муҳокама қилган. Унинг таклифи Украина, Россия, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи томонидан маъқулланганди. Дидье Буркхальтерга кўра, ўзаро мулоқот Киев томонидан ташкиллаштирилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Айни вазиятда Россия Думаси сўзчиси Сергей Наришкин Украина ҳукуматини ҳамма минтақалар билан "жамоатчилик келишуви" тузиб уни мамлакат Конституцияси орқали мустаҳкамланишга чақиради. Унинг фикрича, ана шу йўл фуқаролар уруши олдини олиши мумкин.

Сешанба куни шунингдек, Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Оврўпо кенгаши президенти Херман Ван Ромпё билан учрашиб, мамлакатдаги вазият ва президентлик сайловларини муҳокама қилган.

Жаноб Турчинов Украина шарқидаги террористик таҳдид тўлиқ бартараф этилишига ваъда берган. Шунингдек, у 25 майдаги президентлик сайловлари ҳаққоний ўтказилиши таъминланишини билдирган.

Янги санкциялар

Якшанба кунги референдумдан сўнг Донецк халқ республикаси Россияга қўшилишни сўраб мурожаат қилган.

Киев, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи референдумни ноқонуний деб атади ва уни тан олмаслигини билдирди.

Референдумдан бир кун ўтиб Оврўпо Иттифоқи ва Канада Украина инқирозига боғлиқ Россияга қарши жазо чораларни кенгайтирган.

Шу тариқа санкциялар киритилган шахслар сони жами 61 тага етди.

Канада бош вазири Стивен Харпер "Украинадаги вазият халқаро ҳамжамият ва хавфсизликка таҳдиддир. Путиннинг тажовузкорона режими жазосиз қолмаслиги керак" деб айтган.

Май бошида АҚШ ва Канада Россиянинг қатор ширкатлари, жумладан Путинга яқинлиги айтиладиган Геннадий Тимченкога алоқадор ширкатларга жазо чоралари киритган эди.

Оврўпо Иттифоқининг янги санкциясида Россия президенти маъмурияти раҳбар ўринбосари Вячеслав Володин, Россия денгиз-ҳаво қўшинлари қўмондони Владимир Шаманов, Думанинг қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси Владимир Плигин, шунингдек Қримнинг янги амалдорлари Пётр Ярош ва Олег Козюр, ҳамда Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг бўлгинчилар раҳбарлари бор.

Жазо чоралари сифатида юқоридаги шахсларнинг банк ҳисоблари музлатилади ва уларнинг Оврўиттифоқ ҳудудига кириши тақиқланади.

Оврўпо Иттифоқи "Черноморнефтегаз" ва "Феодосия" ширкатларига қарши ҳам санкциялар қўллаган.

Бироқ Оврўиттифоқнинг жазо чоралари Американики каби кенг миқёсли эмас.

Олмониянинг бир қанча сиёсий арбоблари Москва билан музокаралар муҳимлигини таъкидлаб келадилар.

Россия билан тижорат ва энергетика алоқалари узвий боғланган Олмония Украина инқирозида жазо чораларидан кўра, мулоқот иш беришини айтади.

Бундан олдин Олмониянинг собиқ канцлери, "Газпром" га тегишли "Шимолий оқим" раҳбарияти аъзоси Герхард Шредер ўзининг эски дўсти Путинни ҳимоя қилиб чиққан, уни "исталмаган шахс" эмаслигини урғулаган.

Бу мавзуда батафсилроқ