Нигериялик қизларни қидириб топишда АҚШ учоқлари ёрдам беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Нигерияда "Боко Ҳарам" исломий жангари гуруҳи томонидан бир ой олдин ўғирланган 276 мактаб ўқувчи қизларини қидириб топиш ишларига АҚШнинг учувчи бошқарадиган кузатувчи учоқлари ҳам иштирок этади.

Бу ҳақда америкалик расмий маълум қилган.

Шунингдек, Америка сунъий йўлдошдан олинган суратлар билан қизларни топишга ёрдамлашади.

Ҳозирнинг ўзида 30 тача АҚШлик эксперт Нигерияда қидирув ишларида кўмаклашаяпти.

Улар орасида Федерал Қидирув Бюроси, Мудофаа вазирлиги ходимлари борлиги хабар қилинган.

Бир кун олдин "Боко Ҳарам" гуруҳи 14 апрел куни ўғирлаб кетилган қизлар тасвирга олинган видеони эълон қилган.

Видеода 130 тача қиз ҳижобларга ўралган ҳолда кўринган, "Боко Ҳарам" гуруҳи, қизлар Ислом динини қабул қилдилар, деб айтган.

Гуруҳ раҳбари ўғирланган қизларни Нигерия қамоқхоналарида сақланаётган "Боко Ҳарам" гуруҳининг аъзоларига алмаштиришини айтган.

Мактаб ўқувчи қизларининг ўғирланиши бутун дунё бўйлаб инсонларни ғазаблантирган.

Қатор мусулмон уламолар "Боко Ҳарам" гуруҳининг бу амалини қоралаганлар.

Бир неча мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Британия, Франция ва Исроил ўғирланган қизларни қидириб топишда Нигерия ҳукуматига ўз кўмакларини таклиф қилганлар.