Лондон ажойиботлари: Британиялик дизайнер 300 минг долларлик туфли яратди

Фото муаллифлик ҳуқуқи SCIENCE PHOTO LIBRARY

Британиянинг таниқли оёқ кийимлари дизайнери Крис Шеллис ўзининг бундан уч йил олдинги рекордини янгилаб, дунёдаги энг қимматбаҳо туфлини намойиш қилди.

Бундан олдин 2011 йилда дизайнер 226 мингга баҳоланган дунёдаги энг қиммат ёзги оёқ кийимни яратган эди.

Британиянинг The Daily Mail нашрига кўра, туфли учун бир умрлик кафолат берилади.

Баланд пошналик туфлида 1290 та олмос бўлаги ишлатилган ва унинг баҳоси 337 минг долларга тенг.

Крис Шеллис ўзининг янги ижод намунасига “Diamond Princess Constellation” деб ном берган.

Дизайнернинг айтишича, туфлини яратишда америкалик мусиқачи Пол Саймоннинг «Diamonds On The Soles of Her Shoes» мусиқаси илҳомлантирган.

Туфли мижознинг хоҳишига кўра олтин ёки платинадан тайёрланиши мумкин. Бунга уч ҳафта керак бўлади.

Фақатгина қимматбаҳо бўлиб қолмасдан, чидамли материалдан тайёрлангани туфайли туфли таъмирга муҳтож бўлмайди.

Дизайнер ўз асарига 1000 йил кафолат бермоқда.

Шу билан бирга пойабзал бир умрга етадиган ҳимоя воситалари билан бирга сотилади.

Крис Шеллис ўзининг меҳнатидан жуда мамнун. Унинг таъкидлашича, “Diamond Princess Constellation” асари ўзининг 25 йиллик ижодининг энг яхшиси саналади.

Дизайнер уни “ҳамма туфлиларнинг қироличаси” деб айтган.

Дизайнер қимматбаҳо туфлисини таърифлашда хасис эмас.

Аксинча уни британиянинг 1960 йиллардаги афсонавий автомобили Jaguar E-Typeга қиёслар экан, ўз асари ҳам ушбу машина каби мукаммал ва бундан яхшиси бўлмаслигини урғулайди.

Крис Шеллис асарлари учун доимо ўта сифатли ашёларни ишлатади.

Дизайнер металларни 1000 даражагача қиздирадиган ўзига тегишли технология намунаси ёрдамида ишлайди.

Дизайнернинг бир умрлик кафолати бўлган анча “ҳамёнбоп” туфлилари ҳам йўқ эмас.

Шу йил бошида Шеллис 1600 долларлик туфлисини чиқарган эди.

Дунёдаги энг қиммат туфлини Крис Шеллиснинг замонавий House Of Borgezie бранди сайтидан олиш мумкин.