Ўлим тўшагида ҳайрия учун 5 миллион доллар йиққан Стивен

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption "Мен шу ердаман, ҳали кетганим йўқ"...

Британиянинг Бернтвуд шаҳарчасида яшовчи 19 ёшли Стивен Саттон онасининг Facebook даги саҳифасида ёзишича у оламдан ўтди.

Стивеннинг саратонга чалинганидан сўнг ижтимоий тармоқда олиб борган фаолияти натижасида Ўсмирлар Саратон Жамғармаси учун ўлимидан олдин 5 миллион 360 минг америка долларига тенг маблағ тўплашга муваффақ бўлди.

Стивен онасининг ўғли ўлими ҳақида Facebook даги хабарида ёзишича, у мард, саҳий ва илҳомлантирувчи шахс эди.

Стивенга шифокорлар саратон касалига чалинганини 15 ёшида айтганлар.

Ўлим билан тугаши муқаррар бўлган касалликдан тушкунликка тушиш ўрнига Стивен қолган қисқа умри мобайнида нималар қилмоқчи эканлиги "рўйхати"ни тузиб чиқди.

Улар орасида парашютдан сакрашдан тортиб, ўтган йили УЕФА чемпионлар лигаси финал ўйини олдидан 90 минг тамошабин ўнгида барабанда ўйнаш каби "чўққиларни" забт этди.

Стивен ўз олдига қўйган мақсадларидан бири смирлар аратони муаммолари билан шуғулланувчи жамғарма учун пул йиғиш эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи arquivo pessoal
Image caption Стивен ўлими муқаррар эканлигини билганидан сўнг ҳам тушкунликка тушмади...

Умрининг охирги дақиқаларига қадар ҳазил мутойиба билан Facebook орқали хабарлашиб турган Стивен дастлаб 15 минг долларга яқин пул йиғишни мўлжаллаганди.

Ўтган ойда касалхонадан туриб "Ҳали кетганим йўқ, шу ердаман" дея кулиб тушган суратини нашр қилиши ортидан ҳайрия пуллари ёғилиб кетди.

Ўтган ҳафта Стивеннинг аҳволи оғирлашиб касалхонага тушди, лекин бир неча кундан кейин уйга қайтди.

Шу вақтда Twitter орқали "бизни алдади, аҳволи яхшиланибди" деган изҳоротлар пайдо бўлди.

Лекин ўлим билан курашаётган Стивен бу каби изҳоротларни ҳам ҳазил билан қабул қилди.

"Ўзини алданган дея ҳис қилганлар менинг саратон касалим ҳали ҳам мен билан эканлиги ва ҳали ҳам даъволанмас эканлигидан ўзларини енгироқ ҳис қиладилар деган умиддаман", дея жавоб берди у.

Ҳайрия кампаниясига санъат олам юлдузлари ва таниқли шасхслар қўшилдилар.

Стивенни қўллаган таниқли ҳажвчилардан бирининг ёзишича, Стивен ўзининг охирги соатларида ҳеч ким қила олмаган ишни қила олди, бошқаларни қутқариш учун курашди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон ҳам Стивеннинг бошқаларга ёрдам бериш йўлида қилган беқиёс уринишига таҳсин ўқиди.

Ҳажвчи Рики Жервайснинг Twitter да ёзишича, Стивен ҳаммага ўрнак бўлиши мумкин бўлган ҳақиқий қаҳрамондир.

Ўсмирлар Саратони Жамғармасининг маълум қилишича, Стивен ўлим тўшагида бўла туриб жамғарма тарихидаги энг йирик маблағни уларга туҳфа қилишга муваффақ бўлди.

Стивеннинг ўлими ҳақида хабар тарқаши билан ҳозирда ҳайрия маблағлари яна келиб туша бошлади.

Унинг ҳайрия маблағларини қабул қилиб олувчи вебсаҳифа муҳандислари фойдаланувчилар сони кескин ўсгани туфайли қўшимча чораларни кўришга мажбур бўлганлар.

Икки соатнинг ўзида жамғармага 100 минг доллар маблағ келиб тушган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002