Туркияда кон портлаши ортидан иш ташлаш эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Туркияда касаба уюшмалар мамлакат тарихидаги энг ёмон кон фожиасидан норозилик билдириб бир кун иш ташлаганлар. Ғарбий Сома шаҳридаги конда юз берган портлаш 700дан ошиқ кончининг ер остида қолиб кетишига сабаб бўлган. Камида 282 кончи ҳалок бўлгани ишонилади.

Касаба уюшмаларига кўра, кон секторининг яқинда хусусийлаштирилиши ундаги иш шароитларини хавфли қилиб қўйган.

Пайшанба куни мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам бошланди.

Чоршанба куни Сомада бир кун аввал юз берган бу ҳодисадан ғазабланган оломон намойиш қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳукумат расмийлари портлаш ортидан 363 кончи қутқариб олингани, бироқ чоршанба тонгидан бери ҳеч ким кондан олиб чиқилмаганини хабар қилишганди.

Энергетика вазири Танер Йилдиз чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси яна саккиз жасад чиқариб олиниши ортидан, қурбонлар сони 274дан 282га етганини билдирди. 150 нафарча кончи ҳали ҳам бедарак қолмоқда.

Лекин, ер остида катта миқдорда йиғилиб қолаётган газ туфайли қутқарув ишлари бир неча соатга тўхтатилган, ва жаноб Йилдиз кон ичидаги ёнғин қутқарув чораларини қийинлаштираётганини айтди.

Сома кони 2005 йилда хусусийлаштирилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркиянинг йирик шаҳарларида норозиликлар юз берди

Туркиянинг мухолифатдаги CHP партиясига аъзо депутат ҳукуматни айни ҳудуддаги кон ҳалокатларини тергов қилишдан бош тортишда айблади.

Бироқ, Меҳнат вазирлиги хабарига кўра, конлар мунтазам равишда текшириб турилган, ҳамда охирги текширув март ойида ўтказилган.

Ҳодиса Сомада чоршанба куни ғазабнок намойишларга сабаб бўлган. Одамлар ҳудудга ташриф буюрган ва матбуот анжумани ўтказган Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг машинасини тепкилаб, унинг истеъфосини талаб қилганлар.

Полиция бир неча кишини ҳибсга олган, баъзи суратларда бош вазир қўриқчилари ҳамроҳлигида дўконда бошпана топгани намоён бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Пойтахт Анқарада полиция университетдан Энергетика вазирлигига юришга уринган 800 нафарча намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллаган.

Истанбулнинг Истиқлол савдо кўчасида ҳам полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичларни ишга солди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer