Ҳиндистон сайловлари: мухолифатдаги миллий партия ғалаба қозонди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нарендра Моди тарафдорлари ғалабани байрам қилишмоқда.

Дунёдаги энг йирик парламент сайловлари бўлиб ўтган Ҳиндистонда дастлабки натижаларга кўра, "Бхаратия жаната" миллий партияси энг кўп овоз олган.

Бошқарувдаги Ҳиндистон миллий конгресси парламент сайловларида мағлубиятга учраганини тан олган ва мухолифат ўрнини эгаллашини билдирган.

Ҳукуматни мустақил тузиш учун партиялар 272 ўринни эгаллашлари талаб қилинади. "Бхаратия жаната" ҳаракати эса парламентда 277 ўринни қўлга киритган.

Би-би-си мухбири Соутик Бисвасга кўра, 1984 йилдан буён бирор бир сиёсий партия аксарият кўпчилик овозга эга бўлолмагани ҳисобга олинадиган бўлса, "Бхаратия жаната" катта устунлик билан ғалабага эришгани ҳайратланарли.

Ҳиндистондаги парламент сайловлари бир ой давом этди ва миқёси жиҳатидан дунёда энг йирик деб аталди. 814 миллион сайловчининг рўйхатга олиниши кузатувчилар фикрича, Ҳиндистонни дунёдаги энг демократик давлат сифатида намоён қилади.

Мухолифдаги "Бхаратия жаната" раҳбари Нарендра Моди сайлов кампаниясини уюшқоқлик, кўтаринкилик билан олиб боргани халқаро кузатувчилар томонидан таъкидланди.

Жаноб Моди миллатчилик ғоялари ва мамлакат иқтисодини тез суръатлар билан ривожлантириш ваъдаларида қатъий тургани билан сайловчилар ишончини қозонган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Гандилар сулоласининг сиёсатдаги охирги вакили Рахул Ганди Модининг асосий рақиби бўлди.

Ҳиндистонда овоз бериш етти босқичда, 7 апрелдан 12 майгача ўтказилди. Унда 66 фоиздан ортиқ сайловчи қатнашгани ҳам 1984 йилдан буён энг юқори эканлиги қайд этилди.

Жами 550 миллион сайлов қоғозлари тарқатилган. Парламентдаги ўрин учун саккиз минг икки юз эллик номзод даъвогарлик қилади.

Сайлов жараёнида мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Шунга қарамасдан, сайлов масканларида келиб чиққан тартибсизликларда бир қанча мусулмонлар ҳалок бўлган.

Ғолиб чиққан Нарендра Моди партияси сайлов кампанияси давомида ўзини мусулмонларга тоқатли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган.

"Бхаратия жаната" 2002 йилда мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган Гужарат штатида обрўйи анча баланд.

Сайловларда мингдан ортиқ маҳаллий ва халқаро кузатувчилар иштирок этганлар.

Image caption Жамиятда бойлар ва қашшоқлар ўртасида катта фарқ бўлган Ҳиндистонда Моди партияси янги ишчи ўринлари яратиш ва фаровон ҳаёт ваъда қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ