Кўмирчилар умрига зомин бўлган конда яна ёнғин келиб чиққан

Туркия ҳукумати хабар қилишича, 300 дан ортиқ инсон ўлимига сабаб бўлган кўмир конида яна ёнғин келиб чиққан.

Энергетика вазири Танер Йилдиз айтишича, аланга қутқарув хизматлари ходимларининг ишига халақит қилган.

Олов ўчирилганидан кейин икки кончи жасади топилган.

Жума тунидан шанба кунигача ҳалок бўлгани тасдиқланган 17 кўмирчи жасади топилган, бу ҳақда бедарак кетган кўмирчиларнинг яқинларига хабар берилган.

Энергетика вазири Сома кўмир конида ҳалок бўлган инсонларнинг сони 301 кишига етганини айтган.

"Бу Туркия саноати тарихидаги энг катта ҳалокат", деб айтган Танер Йилдиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳукумат Сома шаҳри марказида намойишларни тақиқлаган.

Лекин тақиққа қарамасдан, жума куни кечқурун аксилҳукумат намойиш ташкил қилинган.

Намойишчиларга қарши полиция кўздан ёш оқизадиган газ ва сув пуркагичларни ишга солган.

Хабарларга кўра, Туркиянинг турли жойларида Сом шаҳрига келиб норозилик намойиши уюштирмоқчи бўлган инсонлар тўхтатилган.

Полиция автобус-автобус бўлиб Сома шаҳрига кирмоқчи бўлган намойишчиларни тўхтатган.

Туркия мухолифатига алоқадор бир неча ҳуқуқшунос ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган.

Ҳалокат рўй берган конда фавқулодда вазиятларда кўмирчилар жон сақлаши мумкин бўлган хавфсизлик хоналари барпо этилмагани маълум бўлган.

Ҳозиргача ҳам ҳалокатга нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ