Қрим татарлари раҳбари бирдамликка чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рефат Чубаров миллатдошларини бирдамликка чақирди

Қрим Татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаров миллатдошларини Мажлис ва Қрим мусулмонлари диний идораси - муфтият атрофида бирлашишга чақирди.

Симферополда бўлиб ўтган йиғинда чиқиш қилган жаноб Чубаров шунингдек Қримнинг ҳар бир қишлоғида миллий мактаблар, синфлар очиш ва масжидлар қуришга чақирди.

"Биз Қримда бор эдик, бормиз ва қоламиз. Нима бўлса ҳам, Мажлис Қримда ишлайверади", - деди жаноб Чубаров ўз баёнотида.

Асосан Қрим Татарлари яшовчи Ақ-Масжид шаҳарчасида бўлиб ўтган оммавий йиғинда 7-9 минг нафар инсон иштирок этди, деб хабар беради Би-би-си Украин Хизмати мухбири.

Намойиш иштирокчилари Қрим Татарлари ҳуқуқларини тиклаш талабидаги шиорлар ва миллий байроқларни баланд кўтаришган.

Би-би-си мухбири сўзларига кўра, йиғин ўтаётган ҳудудга кўп сонли милиция кучлари ташланган, тепада ҳарбий тикучарлар айланиб турган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қрим Татарлари йиғини бўлиб ўтиши кутилган Ленин марказий майдонини икки мингга яқин ОМОНчилар қўриқлашган.

Қрим ҳукумати 6 июнга қадар оммавий йиғинлар ўтказишни тақиқлаб қўйганди.

Бироқ кейинчалик Қрим Татарларининг сургун қилинган кунда мажсид ва қабристонларда кичик хотира маросимлари ўтказишга изн берган.

Қрим татарлар 1944 йилда Сталин тузуми томонидан немис фашистлар билан тил бириктиришда айбланиб Марказий Осиёга депортация қилинган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ