Туркия: кўмир конидаги ҳалокат юзасидан 18 нафар инсон ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 301 нафар инсон умрига зомин бўлган ҳалокат Туркия конлари тарихидаги энг йирик фожиа дея баҳоланмоқда

Туркия оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, мамлакат ғарбидаги конда юз берган ҳалокат юзасидан 18 нафар инсон, жумладан конга эгалик қилган ширкат раҳбарлари ҳибсга олинган.

Сома шаҳридаги конда қутқариш амалиёти шанба куни икки кончининг жасади топилиши ортидан ниҳоя топган.

Туркия тарихидаги энг йирик кон ҳалокати қурбонлари сони жами 301 кишини ташкил этган.

Сешанба куни юз берган ҳалокатдан кейин ҳукумат ва кон ширкатига қарши намойишлар бостирилган.

"Сома Ҳолдинг" кондаги ҳалокат эътиборсизлик оқибатида юз берганини рад этган.

Якшанба куни ҳибсга олинганлар орасида коннинг бош директори, Рамазан Дўғру, ва ширкат бошқарувчиси Акин Челик ҳам бор, дея хабар беради Туркиянинг Дўған хабар агентлиги.

Сешанба куни Сома кўмир конида юз берган портлаш 787 нафар кончи ер остида бўлган пайти карбон моноксид газининг тарқалишига олиб келган.

Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳалокат юзасидан берган баёноти танқид остига олинган.

Полиция шанба куни Сома шаҳрида ҳукуматга қарши намойишни тарқатиб юборган ва ўнлаб кишини ҳибсга олган.

Рейтер хабар агентлигига кўра, Сома шаҳрида вазият ҳамон танглигича қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ