БМТ юқори мулозими: "Украина қайтиб бўлмас нуқтага яқинлашмоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption БМТ юқори мулозимининг огоҳлантиришича, Украина тобора "қайтиб бўлмас" нуқтага яқинлашмоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ бош котибининг ёрдамчиси Иван Симонович Украина жануби-шарқида юз бераётган ҳодисалар унга тобора 1990 йиллардаги Хорватияни эсга солаётганини айтган.

"Зудлик билан чоралар кўрилмаса, Украина қайтиб бўлмас нуқтага етиб боради деб қўрқаман", - деб айтган дипломат шанба оқшомида Би-би-си билан бўлган суҳбати чоғида.

Симоновича сўзларига кўра, БМТ ихтиёрида Украина жануби-шарқида қотилликлар, қийноқлар ва одам ўғирлашларга оид кўплаб далиллар бор.

Украина жануби-шарқидан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари ва қуролли бўлгинчилар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда.

Қуролли бўлгинчилар Оврўпо Иттифоқи воситачилигида ҳукумат билан музокаралар ўтказиш таклифидан бош тортган.

Шанба куни улар Александр Бородайни "Донецк Республикаси бош вазири" дея эълон қилдилар.

Александр Бородай "Донецк Республикаси" Россия таркибига қўшилиш бўйича ариза топширишини маълум қилди.

Бўлгинчилар Украина жануби-шарқи ва жанубидаги қатор шаҳарларда ҳокимият биноларини босиб олганлар.

Ўтган ҳафталар ичида икки тараф ўртасидаги тўқнашувлар натижасида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Украинанинг янги президенти 25 май куни сайланади.

Зўравонликлар икки томондан ҳам содир этилган бўлса ҳамки, деб айтган жаноб Симонович, уларнинг аксари бўлгинчилар зиммасида.

У режалаштирилган президентлик сайловининг бўлиб ўтишига умид билдирган.

Бироқ бу тадбирни йўлга қўйиш, БМТ юқори мулозимига кўра, "ниҳоятда қийин" бўлади.

"Лекин мен ҳалиям кеч эмас, имкониятлар бор деб ишонаман," - деб айтган Иван Симонович.

Бўлгинчилар Донецк ва Луҳанск вилоятларида референдумлар ўтказиб, аксарият дастагини қўлга киритганликларини иддао қилганлар.

Бироқ Киевдаги украин ҳукумати ҳам, ғарб давлатлари ҳам мазкур референдумни "ноқонуний" деб топган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ