Президент Раҳмон Хоруғ ҳодисаларини текширишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эмомали Раҳмон Хоруғ ҳодисаларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш ҳақида буйруқ берди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Хоруғдаги воқеалар юзасидан ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан фавқулодда йиғин ўтказган.

Президент Раҳмон “куч ишлатар тизим раҳбарларига Чоршанба куни рўй берган ҳодисаларни текшириш, масъулларни топиш ва жазолашни” буюрган.

Хоруғдаги ҳодисаларни ўрганиш учун Эмомали Раҳмон буйруғи билан махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Бу ишчи гуруҳга президент Раҳмоннинг миллий хавфсизлик масалаларида маслаҳатчиси Шерали Хайруллоев раҳбар этиб тайинланган.

Кечаги ҳодисада камида уч киши қурбон бўлгани айтилади.

Улардан бири милиция ходими экани маълум қилинган.

Милиция ва расмий маълумотларга кўра, гиёҳванд моддалар савдосига аралашгани ишонилган шахслар ўртасидаги отишма кейинроқ норозилик чиқишларига сабаб бўлгани айтилади.

Ўнлаб асосан ёш хоруғликлар милиция машинаси, милиция идораси ва маҳаллий суд биносига ўт қўйишгани хабар қилинган.

Чоршанба кунги ҳодиса тафсилотлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Cўнгги видеоманзарадан сурат

Маҳаллий манбаларга кўра, шаҳар марказидаги чорраҳада, маҳаллий милиция идораси яқинида юз берган отишмада аввалига икки киши ҳалок бўлган ва яна уч киши яраланган.

Қурбонлар сони жами уч киши экани айтилган.

Улардан икки нафари касалхонада жон берган.

Улардан бири милиция ходими экани маълум қилинган.

Бир маҳаллий манбанинг Би-би-си билан телефон суҳбатида айтишича, махсус милиция кучлари - ОМОН йўлда бораётган бу шахслар машинасига қарата ўқ узганлар.

Маҳаллий манбаларнинг илова қилишича, ушбу ҳодисадан ғазабланган баъзи хоруғликлар милиция идораси атрофига тўпланиб, милиция биноси ва эҳтимол милицияга тегишли бўлган машинани ёқиб юборишган.

"Милиция идорасидан тутун осмонга кўтарилаяпти. Бир қанча ёшлар милиция идораси биносига бостириб кирганлар ва бино ичкарисидаги ҳужжатларни ташқарига олиб чиқиб, ёқиб юборишаяпти. Милиция ходимлари бинода йўқ, афтидан қочиб кетишган," - деб айтган маҳаллий манба.

Маҳаллий вақт билан туш пайти ҳам гувоҳларга кўра ўқ овозлари эшитилиб турган.

Бундан икки йилча аввал Хоруғ Тожикистон ҳукумати қўшинлари ва қуролланган жангарилар ўртасида қонли тўқнашувларга саҳна бўлган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ