Украина инқирози: Славянск ва Краматорскда вазият беқарор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, Краматорск ва Славянскда душанбага ўтар тунда аксилтеррор амалиётлар ўтказилган.

Славянск ва Краматорск аҳолиси ҳам шаҳарда душанбага ўтар кечаси жанглар узоқ давом этганини айтганлар.

Айни пайтда шаҳарда газ, сув ва электр тақчиллиги сезилмоқда.

Украина кучлари ва бўлгинчилар ўртасидаги тўқнашувларда бир ҳарбий ўлгани, учтаси яралангани ҳақида хабар бор.

Шунингдек, ҳарбийлар аксилтеррор амалиётларда "Краматорскдаги ҳарбий аэродромни портлатмоқчи бўлган террористлар"ни ушлаганини айтган. Украина томонига кўра, улардан иккитаси Россиянинг Lifenews телеканалининг журналистлари бўлишган.

Бўлгинчиларнинг ҳаракатини онлайн тартибида ёритиб борган ва ўзларини Россия фуқаролари ва журналистлар деб таништирган кишилар бўлгинчилар билан бирга милицияга топширилди, дейди Украина томони.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ЕҲҲТ президенти Дидье Буркхалтер билан боғланиб, россиялик журналистларни озод қилиш учун имкониятларини ишга солишга чақирган.

Москвага кўра, Украина шарқида журналистларни қўлга олиниши уларнинг эркин фаолият олиб боришларига имконият яратиш вазифасининг қўпол равишда бузилишидир.

Киев эса журналистлар террористларга информацион ҳамкорлик қилганини айтиб, улар олган видеони тез орада интернетга қўйишга ваъда бермоқда.

Ҳарбийларнинг билдиришича, бўлгинчиларнинг "земля-воздух" зенит ракетаси ҳам қўлга олинган. Бундай моделдаги қурол Украина Қуролли кучларида йўқ, деган улар.

Украина Мудофаа вазирлиги аксилтеррор амалиётида тинч фуқароларга зарар етмаганини таъкидлаган.

Қримда эса хотира маросимини ёритаётган маҳаллий журналист Осман Пашаев россияпараст кучлар томонидан ушланган ва техник воситалари олиб қўйилган. Пашаев Қрим аннексиясини қоралаб мақолалар ёзиб келган.

Путин қўшинларни орқага қайтарди

Айни вазиятда Россия Президенти Владимир Путин Ростов, Белгород ва Брянск вилоятларида ҳарбий машқларда қатнашган қўшинлар доимий дислокация жойига қайтишларига буйруқ берган.

Режали мавсумий машқларнинг ниҳоясига етгани муносабати билан Россия президенти қўшинларни орқага қайтаришга буйруқ берди, дейилади Кремл матбуот хизмати баёнотида.

Бундан олдин НАТО Россия қўшинлари Украина чегараларидан олиб кетилмаганини айтиб, сунъий йўлдош орқали олинган суратларни намойиш этган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ