Миср: Мурсийнинг 155 тарафдори ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Миср маҳкамаси фаолияти тақиқланган "Мусулмон биродарлар"нинг 155 нафар аъзосини узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Ўтган йил августида Президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Мансур вилоятида кечган тартибсизликларда қатнашганликда айбланган 50 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

100 дан ортиқ айбланувчилар 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилганлар.

Ўтган якшанба Мисрдаги маҳкама "Мусулмон биродарлар"нинг 126 нафар тарафдорларининг ҳар бирига 10 йилдан қамоқ жазоси белгилаган.

Улар Кафр аш-Шайх вилоятида юз берган тартибсизликлар чоғида зўравонликка қўл уришда айбланган.

Ўтган ой "Мусулмон биродарлар"нинг 683 нафар аъзолари, жумладан,ташкилот раҳбари Муҳаммад Бадини ўлим жазосига ҳукм этган.

Улар 2013 йилда Минядаги полиция идорасига ҳужумда айбланганлар.

Ҳодисада бир полиция ходими ўлдирилган.

Қудратдан ағдарилган Президент Муҳаммад Мурсийга давлатга хиёнат ва қотилликларга алоқадорлик сингари қатор айблар қўйилган.

Мурсий айбларни рад этган ва ўзини ҳамон Мисрнинг қонуний президенти деб билишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002