Таиландда ҳарбий тўнтариш ортидан фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Таиландда фавқулодда ҳолат

Таиланд армияси бутун мамлакат бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Армия конституцияни ҳам муваққат бекор қилган.

Бутун мамлакат бўйлаб соат тунги 22дан то тонгги 5га қадар ҳар қандай сиёсий йиғинлар ва одатдаги телевизион дастурлар бекор қилган.

Мамлакатнинг муҳим сиёсий арбоблари ҳибсга олинган ва бошқалар ҳарбийлар ҳузурига келиб рўйхатдан ўтишга буюрилган.

Армияга кўра, мақсад мамлакатда тартиб ўрнатишдир.

Сешанба куни армия мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилган ва сиёсий раҳбарларни инқироз юзасидан музокараларга чақирган эди.

Аммо Таиланд ҳарбийлари раҳбари Прают Чан-Оча бугун тўнтариш амалга оширилганини айтган.

Мамлакатдаги кўзга кўринган сиёсий арбоблар ва мухолифат лидерлари қўлга олинган.

Бош вазир вазифасини бажараётган Ниватҳамронг Бунсонгфаисан музокараларда ҳозир бўлмаган ва унинг қаердалиги номаълум қолаётир.

BBC, CNN ва бошқа халқаро телевизион каналларнинг бир нечаси эфирдан олинган.

БМТ Таиланддаги вазият бўйича “жиддий хавотирларини” изҳор этган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун зудлик билан “конститутион, фуқаровий ва демократик бошқарувга” қайтишга чақирган.

Америка Қўшма Штатлари Таиланд билан ҳарбий алоқаларни қайта кўриб чиқаётганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг